Бадиий асар таржимасининг мукаммал бўлишида бадиий тасвир воситалари, фразеологик бирликлар, мақоллар ва миллий сўзларнинг ўрни каттадир. Аммо, маълум бир халқнинг бадиий тафаккури, миллий ўзига хосликларини ифодаловчи бундай тасвир воситалари, фразеологик бирликлар, мақоллар ва миллий сўзлар таржима жараёнини мураккаблаштирувчи омиллардир.
Мақол ва маталларни халқ дурдоналаридан тузилган, унинг маданиятидан мустаҳкам ўрин олган хазинаси дейиш мумкин. Мақол ва маталларни лингвокультурологияда ўрганиш энди бошланмоқда. Мақоллар турли мақсадларда, жумладан, айни мақол кесатиш, юпатиш, панд-насиҳат, маслаҳат, сабоқ, огоҳлантириш, таҳдид ва ҳ.к. қўлланиши мумкин. Аммо, ҳар қандай мақол ва матал ҳам лингвокультурологик тадқиқотларнинг предмети бўлавермайди. Бунда фақатгина муайян халқнинг тарихи, маданияти, турмуши, маънавияти ва бошқалар билан чамбарчас боғлиқ бўлган мақол ва маталлар ўрганилиши лозим бўлади. Масалан, “Бош омон бўлса, дўппи топилар” мақолида ўзбек миллий кийими дўппи реалияси иштирок этган.
Бадиий асар таржимасида эса мақол ва маталларни таржима қилиш алоҳида эътибор талаб этади. Бунда мутаржим мукаммал таржимага эришиши учун нафақат етарлича тил билимларига эга бўлиши лозим, балки ўша тил соҳибининг маданияти ва урф-одатлари билан ҳам етарлича таниш бўлиши талаб этилади.
Ўзбек таржимашунослигида мақолларнинг бадиий таржимада ифодаланиши, асосан, рус тилидан ўзбек тилига ва ўзбек тилидан рус тилига амалга оширилган таржималар мисолида кўпроқ ўрганилган. Ўзбек тилидан немис тилига ўгирилган бадиий асарларда мақолларнинг берилиши илмий нуқтаи назардан кам ўрганилган.
“Ўткан кунлар” ўзбек миллатининг ҳақиқий турмуши, урф-одатлари, руҳий-маънавий дунёси кенг кўламда аниқ-равшан тасвирланган, шу билан бирга, ўзбек адабий тилининг бойлиги, ўзбек тилининг кенг имкониятлари намойиш этилган ноёб асардир. Шундай экан, таржимашуносликда миллий сўзлар, мақоллар ёки фраземалар таржимаси таҳлилини амалга ошириш учун энг муносиб объект бўла олади.
Ушбу мақолада биз “Ўткан кунлар” романининг немис тилига таржималарини асосий манбалар сифатида олдик. Аслиятда қўлланилган айрим ўзбек мақолларининг таржималарда берилишини тадқиқ этдик.
Ўзбек мақолларининг немис тилига илк таржималари шарқшунос олим Ҳерман Вамбери томонидан амалга оширилган. У ўзининг “Чиғатой тили сабоқлари” номли китобининг “Хрестоматия” қисмида 1867 йилда ўзбек мақолларидан 112 тасини немис тилига таржимасини берган (4).
“Ўткан кунлар” асари 1958 йилда Л.Бать ва М.Смирновалар томонидан илк бор рус тилига ўгирилган (2). Романнинг Арно Шпехт томонидан рус тилидан немис тилига амалга оширилган таржимаси 1968 йилда Берлинда чоп этилган. Китоб немис тилида “Ўткан кунлар” эмас, балки “Die Liebenden von Taschkent” (таржимаси “Тошкентлик ошиқлар”) деб қайта номланган (8).
Маълумки, Л.Бать ва М.Смирновалар ҳам Арно Шпехт ҳам аслият тилини етарли даражада мукаммал билишмаган. Шунинг учун, бизнингча, уларнинг таржималари таржимашунослар томонидан батафсил ўрганилиши мақсадга мувофиқ.
Арно Шпехт таржимаси, яъни “Die Liebenden von Taschkent” китоби Барно Арипова томонидан аслиятдан фойдаланган ҳолда қайта ишланди (Überarbeitung nach dem Original) ва 2020 йилда айни шу ном билан Берлинда қайта нашр этилди (10). Нашриёт томонидан берилган тақризга кўра китоб А.Қодирий таваллудининг 120 йиллиги муносабати билан чоп этилди. Ушбу икки таржиманинг (Арно Шпехт ва икки Барно Арипова таржималари) асосий фарқи шундаки, 1958 йилги таржимада аслият билан солиштирилганда, биринчи бўлимдаги “Ёзғучидан” номли кириш сўзи ва сўнгсўзлар тушириб қолдирилган. Бундан ташқари учинчи бўлимдаги “Қипчоққа қирғин” бобининг охирида рус босқинига қарши айтилган аччиқ гаплар тушириб қолдирилган. Барно Арипова томонидан аслиятдан фойдаланган ҳолда қайта ишланган таржимада эса бу каби жиддий камчиликлар тузатилган. Шуни инобатга олиб, биз ушбу тадқиқот ишимизда немис тилига “таржима” эмас, балки, “таржималар“ деб айтишга қарор қилдик. Зотан, Арно Шпехт томонидан ўша давр цензурасига учраган ва тушириб қолдирилган айрим муҳим қисмлар Барно Арипова томонидан таржимада тўлалигича берилди.
Ҳар бир ёзувчи бадиий асарда ўз тилида мавжуд бўлган мақол, ибора ва маталларни қўллайди. Бундан мақсад асарнинг бадиий қийматини ошириш ва мазмунни ихчам, аниқ шаклда ёритиш, образлари тилини индивидуаллаштириш орқали ўз тилининг имкониятларини намоён этади.
Романда қўлланилган ўзбек халқ мақолларининг хорижий тилларга таржималарини таҳлил қилиш орқали таржимонлар маҳорати ва йўл қўйилган айрим камчиликларни аниқлаш мумкин.
Тадқиқотларда муаллиф услуби, миллий колорит, образларнинг тил хусусиятларини таржимада акс эттириш мақол ва маталлар таржимаси билан боғлиқ ҳолда ўрганилади.
Асарда қўлланилган мақолларда ўзбек халқининг менталитети акс этган ва бошқа тилларда бу мақолларнинг муқобиллари камдан-кам учрайди.
Жумладан, романда автор қуйидаги мақолни қўллаган: “Юрган дарё, ўлтурган бўйро эмиш, - деди Акрам ҳожи” (9, 15-б.) жумласи Л.Бать ва В.Смирновалар томонидан “Кто шагает – подобен реке, кто сиднем сидит – подобен циновке, - заметил Акрам-хаджи” (2, с. 36) шаклида таржима қилинган. Шунингдек, немис таржимони А.Шпехт ҳам мақолни “Wer vorwärtsschreitet, gleicht dem Fluß, wer zu Hause hockt, der Bastmatte, bemerkte Akram - Hadschi” (8, S.14) шаклида сўзма-сўз ўгирган. Ушбу таржиманинг 2020 йилда Барно Арипова томонидан амалга оширилган қайта таржимада ҳам мақол таржимаси айни шу ҳолича қолдирилганлигини кўриш мумкин (10, S. 20).
Бизнинг фикримизча, автор бу мақолни қўллаш билан нафақат инсон доимо жисмоний ҳаракатда, интилишда бўлиши лозимлигини, балки халқни дунёда бўлаётган янгиликларни ўрганишга, илм-фан янгиликларидан доим хабардор бўлишга чорлаган. Акс ҳолда мамлакат парокандаликка дучор бўлишини ифодалашга уринган. Шунинг учун бизнинг фикримизча, бу ўринда немис тилида мавжуд бўлган "Wo nichts ist, hat der Kaiser das Recht verloren" мақоли орқали муқобил таржима йўли билан ўгирилганида таржима таъсири янада бойитилган бўлар эди.
Тўғри, аслиятда қўлланилган мақолларда айни бир миллатнинг ўзига хос менталитети акс этади ва уларнинг муқобиллари бошқа тилларда жуда кам учрайди.
Асарнинг биринчи бўлимида қуйидаги мақол ишлатилган:“Тенг – тенги билан, тезак қопи билан” (9, 32-б.). Мақол русча таржимада Недаром говорят: “Ровня с ровней лучше, а кизяку лежать в куче” (2, с. 49) шаклида, ўз ўрнида немис тилига “Gleich gehört zu gleich und Dung auf den Misthaufen” (8, S. 27) шаклида таржима қилинган. Қайта таржимада ҳам мақол таржимаси айни шу ҳолича қолдирилганлигини кўриш мумкин (10, S. 33). Бунда ўзбек тилидаги “қоп” сўзи рус тилига ўгирилишдаёқ “уюм” (куча) сўзи билан берилган ва восита тил орқали немис тилига ўгирувчилар ҳам бу сўзни муқобили орқали ўгирган. Аммо бизнингча, бу ўринда немис тилида мавжуд бўлган “Jeder Topf findet seinen Deckel” ёки “Auf jeden Topf findet sich ein Deckel” (мазмуни: “бу ҳаётда ҳар кимнинг муносиб шериги топилади”) каби мақоллардан бири қўлланилганида таржима янада мукаммалроқ бўларди. Асарнинг 2009 йилдаги М.Сафаров томонидан амалга оширилган қайта таржимасида эса: “Недаром говорят: “Ровня к ровне, а кизяку место в мешке”(3, с. 36) шаклида тушунарлироқ тилда маҳорат билан таржима қилинган. Бундан кўринадики, таржимонлар Л.Бать ва В.Смирнова ҳамда Арно Шпехтлардан фарқли равишда М.Сафаровнинг аслият тилини билганлиги таржимани муваффақиятли амалга оширилишига хизмат қилган.
Асарнинг биринчи бобидаги “Аммо ҳақиқатда орадан ўн беш-йигирма йил ўтиб, сиз ҳам катта йигит бўлгансиз, умр – отилган ўқ эмиш” жумласи (9, 12-б.) А.Шпехт таржимасида ҳам Б.Арипова таржимасида ҳам Zu Recht sagt man, daß die Zeit pfeilschnell dahinfliegt. (8, S. 12; 10, S. 18) деб ўгирилган. Ўзбекча мақолдаги “умр” сўзининг немисча таржималарда “вақт” (“Zeit”) сўзига ўзгартирилса-да аслиятдаги мазмун тўлақонли акс эттирилганлигини кўриш мумкин.
Яна бир жумлада:“Ёв қочса, ботир кўпаяр” қабилидан шу чоқғача лом демай ўлтурган шаҳар аъёнлари ҳам масалани англаб, сўзга аралаша кетдилар (9, 104 б.) “Ёв қочса, ботир кўпаяр” мақоли жуда ўрнида қўлланилган. Унинг русчага таржималари: Недаром сказано: “Когда враг бежит, появляется много храбрецов” (2. с. 108; 4, с. 111).
Немисча таржимага эътибор берсак, жумла: Jetzt ergriffen die angesehenen Bürger, die bis dahin geschwiegen hatten, alle zugleich das Wort, womit sich wieder einmal das Sprichwort bewahrheitet: “Wenn der Feind die Flucht ergreift, sind plötzlich viele tapfer.” (8, S. 89) кўринишида сўзма-сўз таржима шаклида амалга оширилган.
Асарнинг биринчи бобидаги қуйидаги парчага эътибор беринг:
Jetzt ergriffen die angesehenen Bürger, die bis dahin geschwiegen hatten, alle zugleich das Wort, womit sich wieder einmal das Sprichwort bewahrheitet: “Wenn der Feind die Flucht ergreift, sind plötzlich viele tapfer.” (10, S. 96)
Қуйидаги парчага эътибор беринг: “Еган оғиз уялар” қабилидан Ўзбекойим ҳам муомалани қудаларча қилди. (9, 143 б.) парчадаги мақол немис тилидаги ҳар иккала таржимада: Durch den herzlichen Empfang beeindruckt, gab sich Usbek-ojim, als seien sie bereits verschwägert (8, S. 121; 10, S. 130). тарзида берилган. Кўриб турганингиздек, аслиятдаги мақол таржимада тушириб қолдирилган. Аммо, таржимада аслият мазмуни етарлича очиб берилган. (Таржимаси: Самимий кутиб олишдан таъсирланган Ўзбекойим ўзини аллақачон қудалардек тута бошлаган эди). А.Шпехт таржимасида мақолнинг тушириб қолдирилишига унинг таржимаси рус тили орқали амалга оширилганлиги сабаб бўлиши мумкин. Чунки рус тилидаги таржималарда аслиятдаги мақол қуйидагича бир хил ўгирилган: Как говорится, уста, отведавшие угощенья, уже смазаны для доброй речи, поэтому Узбек-аим тоже вела себя совсем по-родственному… (2, с.140; 4, с.146).
Аслиятдаги айрим мақоллар эса русча ва немисчага таржималарда тушириб қолдирилган. Масалан, автор томонидан усталик билан ишлатилган “Эгасини сийлаган итига суяк ташлар” (9, 320 б.) мақоли асарнинг немис ва рус тилларидаги таржималарида ҳам тўлиғича тушириб қолдирилганлигини кўриш мумкин (8, S. 269; 10, S. 279; 2, с. 291).
Таржимашунос олим Ғ.Саломов фикрича, кўчма маъноли бирикмаларни таржимасида уларнинг образли асослари айнан мувофиқ келадиган бир вариант билангина таржима қилиш баъзан сунъийликка олиб келиши мумкин. Шу билан бирга, ҳар қандай шароитда ҳам муқаррар равишда бундай бирикмаларни асар таржима қилинаётган тилдаги бошқа муқобил вариантлар билан кўр-кўрона алмаштиравериш ҳам услуб чалкашлигига, таржима тилининг чегараланиб, қашшоқ бўлиб қолишига, бир хил қолипдаги сийқаси чиққан мақол ва идиомаларнинг узлуксиз такрорланишига олиб келади (6, 38 б.). Шунинг учун аслиятдаги мақолларни таржима тилида мукаммал ифодалаш таржимонлар учун энг мураккаб вазифалардан ҳисобланади.
Мақолада “Ўткан кунлар” романида муаллиф қўллаган еттита мақолнинг таржимада берилиши ўрганилди. Мақолларнинг немис тилига таржимасида, айрим сўзма-сўз таржималар қўлланилганига қарамасдан, мазмунни тушунишда ўқувчига қийинчилик тўғдирмайди. Жумлалар қисқа, энг муҳими, ортиқча сўзлар мавжуд эмас. Айрим ҳолларда тушириб қолдирилган мақолларнинг ўрни изоҳлар ёрдамида тўлдирилганини кўриш мумкин.
Ўзбек халқ мақолларининг буткул бошқа тил оиласига мансуб немис тилига таржимасини амалга ошириш осонликча амалга оширилмайди. Айрим универсал мақолларгина бундан мустасно.
“Ўткан кунлар” каби ўзбек адабиёти нодир намуналарининг хорижий тилларга таржималарини тадқиқ этиш, жумладан, ўзбек тилидан немис тилига амалга оширилган таржима ишлари устида тадқиқотлар бугунги кунда олдимизда турган долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Шунингдек, тадқиқот натижасида шундай хулосага келиндики, таржима рус тили воситасида эмас, бевосита аслиятдан амалга оширилса таржима сезиларли даражада мукаммалроқ бўлишига эришилади.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
Бердиалиев Б. Передачи пословиц в переводе романа «Минувшие дни» А.Кадыри на немецком языки. Изучение передачи пословиц в переводе, которые отражают художественное мышление определенного народа и национальные особенности, являющиеся одним из факторов, усложняющих переводческий процесс, представляет собой сложную и недостаточно исследованную тему. В данной статье был изучен перевод некоторых узбекских пословиц из романа «Минувшие дни» А.Кадыри в переводе на русский и немецкий языки и представлен их анализ. Были представлены мнения о достижениях переводчиков и некоторых допущенных ошибках. Данная статья может служить материалом для молодых специалистов, работающих в сфере переводоведения.
Berdialiev B. The Transmission of Proverbs in the Translation of A. Kadiri's Novel "Days Gone by" into German. Describing the transfer of proverbs in translation as a well-studied topic is challenging, considering its reflection of the artistic thinking of a particular group of people, national characteristics, and its role as one of the factors that complicate the translation process. This article examines the translation of selected Uzbek proverbs from "Days Gone by" by A. Kadiri into Russian and German. The analysis presents insights into the translators' achievements and highlights some common mistakes. The article can be a valuable resource for young professionals in the field of translation studies, providing examples of literal translation, accurate translation, full translation, originality, and finding German equivalents.