Мирзоев Хайём Тошқулович,
СамДУ таянч докторанти
Таянч сўз ва иборалар: арузшунослик, форс-тожик арузи, Қайс Розий, “Ал-мўъжам”, ажам, араб, Халил ибн Аҳмад, доира, баҳр, рукн, зиҳоф, жузв, рубоий вазни.
Шарқ мумтоз олимлари “илми адаб” таркибидаги шеършуносликка хос соҳалар борасида кўпинча назарий мулоҳаза юритиб, уларни бир-бири билан боғлиқ тарзда шарҳлаганлар. Шеър қонуниятлари, унинг маънавий қиймати ва шоирлик санъатининг сир-синоатлари ҳақидаги фикрлар турли илмлар ҳақида баҳс юритилган асарларда ҳам баён қилинган. Мисол тариқасида IX-XI асрларда фаолият кўрсатган қомусий олимлар Абу Наср Муҳаммад ал-Форобийнинг “Эҳсо ул-улум”, “Китоб ул-Фусул ул-Маданий” ҳамда “Шоирлар санъати қонунлари ҳақида рисола” асарларини, Абу Райҳон Берунийнинг “Ҳиндистон”, “Сайдана”, “Осор ул-боқия мин қурун ул-ҳолия” ва бошқа бир қатор асарларини, Абу Али ибн Синонинг “Китоб уш-шифо”сини кўрсатиш мумкин. Бу асарларда шеърият назариясига доир билдирилган чуқур ва баҳсли фикр-қарашлар кейинги давр назариётчи олимларнинг диққат марказида бўлган. Бу ҳақда адабиётшунос олим академик Ботирхон Валихўжаев шундай хулосали мулоҳаза юритганлар: “Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, илми адабга бағишланган асарлар майдонга келиши билан бирга, XI асрдан бошлаб унинг турли бўлимлари алоҳида-алоҳида тарзда ҳам давом эта бошлади. Шунинг натижасида аруз, қофия ва шеърий санъатларга бағишланган рисолалар ҳам яратилаверди. Натижада, уларнинг ҳар бири шеърият назариясининг мустақил илми даражасига кўтарилиб, бу соҳада форс-тожик ва ўзбек тилида кўпгина асарлар майдонга келди” [5.18-б].
Дарҳақиқат, кейинги асрларда шеърият назариясига доир рисолалар алоҳида соҳа сифатида майдонга келиб, унинг кўпгина намуналари яратилди. XII асрда яшаган Рашидиддин Ватвотнинг “Ҳадоиқ ус-сеҳр фи дақоиқ уш-шеър” (“Сеҳр боғлари, шеър нозикликлари ҳақида”), XIII аср олими Шамсиддин Муҳаммад ибн Қайс Розийнинг “Ал-мўъжам фи маъойири ашъор ул-Ажам” (“Ажам шеърияти ўлчовлари луғати”), шу асрда ўтган Носириддин Тусийнинг “Меъёр ул-ашъор” (“Шеърлар ўлчови”) асарлари машҳур бўлди ва кейинчалик форс-тожик ҳамда ўзбек адабиётшу-нослигида улкан илмий мактаб вазифасини ўтади. Этиборлиси шундаки, бу даврда ҳар учала илм – аруз, қофия ва саноеъ (бадиий санъатлар) ҳақида яхлит асарлар ҳам вужудга келган ва адабиётшуносликда бу уч илмнинг мавқеи ниҳоятда ошган. Шулар орасида забардаст назариётчи олим Шамс Қайс Розийнинг машҳур “Ал-мўъжам фи маъойири ашъор ул-Ажам” номли асари алоҳида ўринга эга.
Қайс Розий мазкур асарда шеърий илмлар учлиги – аруз, қофия ва бадиий санъатлар ҳақида баҳслашиб, шеърнинг мезони ва унинг вазифалари, қофия ва унинг турлари, бадиий санъатлар ва уларнинг тусланиши, хиллари ҳақида чуқур илмий-назарий мулоҳазалар юритган. Устоз олим Б.Валихўжаев бу асарнинг ўз замонида ва ундан кейинги даврдаги илмий аҳамияти ҳақида фикр юритиб, жумладан шундай ёзадилар: “Шамсиддин Қайс Розийнинг “Китоб ул-мўъжам” (Ал-мўъжам” асари назарда тутилган – Х.М.) асари узоқ йиллар давомида шеър ва шоирлик билан шуғулланувчиларнинг дастуриламалига айланган эди. Бунинг асосий сабаби шундаки, Қайс Розий ўзигача мавжуд бўлган шеърият тажрибаси асосида майдонга келган назарий фикрларни умумлаштириб берган эди. Шунинг натижасида, муаллифнинг аруз, қофия ва шеърий санъатлар соҳасидаги мулоҳазалари, адабий жанрлар ҳақидаги фикрлари ўша замон шароитига нисбатан мукаммаллиги билан ажралиб турарди” [5.32-б].
Шамс Қайс Розий 1233 йили «Ал-Мўъжам фи маъойири ашъор ул-ажам» («Ажам шеърияти ўлчовлари луғати») асарини ёзган. Олимнинг барча асарлари араб тилида бўлгани учун у замондошларининг илтимоси билан машҳур асари «Ал-Мўъжам фи маъойири ашъор ул-ажам»ни араб тилидан форс тилига ўгирган ва янада тўлдирган [7.6-7-б].
“Ал-мўъжам” асари муқаддима, икки қисм ва хулосадан иборат бўлиб, аввалги қисми “аруз фани ҳақида”, иккинчиси “шеър илми ва қофия маърифати”га бағишланган. Муаллиф биринчи, яъни аруз илмига бағишлаган қисмини қуйидаги 4 бобга ажратган:
- “Боби аввал, дар маънии арўз ва шарҳи аркону зикри асомию алқобе, ки дар ин фанн мусталаҳи аҳли илм аст” (Аруз (истилоҳи)нинг маъноси ва рукнлар шарҳи ҳамда ушбу фанга дахлдор бўлган илм аҳли орасида амалда бўлган номлар (истилоҳлар) ва лақаблар ҳақида аввалги боб);
- “Боби дуввум, дар зикри ажзоъ ва авзоне, ки аз таркиби аркони арўзи ҳосил шавад” (Аруз рукнлари таркибидан ҳосил бўладиган ритмик бўлаклар ва вазнлар зикрида иккинчи боб);
-“Боби саввум, дар зикри тағйироте, ки бад-он ажзоъ лоҳақ гардад ва фурўъи афоъил, ки аз он муншаъиб шавад” (Ритмик бўлаклардаги ўзгаришлардан ҳосил бўлувчи фуруъларнинг афоили ҳақида учинчи боб);
- Боби чаҳорум, дар зикри буҳури қадиму ҳадис ва нақши давоир ва тақтеъи абёт ва факки ажзоъи буҳур аз якдигар” (Қадимий ва янги баҳрлар зикри, доиралар нақши, байтларнинг тақтеъи ва баҳр қисмларининг бир-биридан фарқланиши тўғрисида тўртинчи боб) [7.31-б].
“Ал-мўъжам”нинг бу бобларида дастлаб арузнинг луғавий ва истилоҳий маънолари тушунтирилади, сўнгра рукнлар ва аруз илми доирасидаги фаол истилоҳларга шарҳ келтирилади. Бошқача қилиб айтганда, биринчи боб олимнинг аруз илмига доир фикрлари ибтидоси саналади. Иккинчи бобда аруз рукнларининг таркибидан (ўзаро қўшилувидан) ҳосил бўлган ритмик бўлаклар ва вазнлар зикр этилади. Учинчи бобда рукнларнинг тармоқларидаги афоийлларнинг ўзгариши ҳақида фикр юритилса, тўртинчи бобда эски (дастлабки) ва янги (замонавий) баҳрларнинг яратилиши, аруз доираларининг вазифалари ҳамда тақтеъ қоидалари, баҳр қисмларини бир-биридан фарқлашда амал қилинадиган қонуниятлар борасидаги олимнинг назарий мушоҳадалари, кузатишлари, таҳлиллари ўрин олган.
Асар мундарижасидан ҳам кўриниб турибдики, Шамс Қайс адабиётшунослик илмлари ичидан аруз илмини долзарб ва биринчи даражали илм сифатида этироф этади. Зеро, икки қисмдан иборат шундай йирик асарнинг биринчи қисмини бу соҳага бағишлагани бежиз эмас.
Форс-тожик арузшунослиги асосан, араб арузи таъсирида шаклланган бўлса ҳам “Ал-мўъжам” асарини ўқиган ҳар бир зукко ўқувчи унинг тараққий этиши нафақат мумтоз форс-тожик шеъриятининг ривожи, балки Шамс Қайс Розий каби арузшуносларнинг беқиёс кашфиётлари ва улкан хизматлари билан боғлиқлигини яхши англай олади. XX аср тожик ва ўзбек арузшунослари айнан Шамс Қайс ва унинг издошлари саъй-ҳаракатлари негизида форс-тожик ва ўзбек арузининг шундай бир муайян тизимли ҳолга келганлигини кўп бора эътироф этганлар. Жумладан, машҳур арузшунос олим Баҳром Сирус ўзининг “Арузи тожик” номли асарида араб ва ажам арузининг ўзаро муносабати, шунингдек, узвий боғлиқлиги ҳақида фикр юритиб, шундай ёзади: “Олимон ва шоирони он давраи форсу тожик барои навиштани шеър дар забони худ ягон қонуни шеър надоштанд, ки аз давраи пеш аз истилои араб боқи монда бошад. Аз ин сабаб онҳо хоҳу нохоҳ мажбур буданд, арўзи арабро, ки дар адабиёти онрўзаи табақаҳои болои маъмул, марсум ва матбўъ буд, аз нав, мувофиқи фонетикаи забони худ кор карда бароянд. Онҳо ба арўзи араби дигаргуниҳои бисёреро дароварда, арўзи ҳозираи дар ашъори мо маъмулро ба вужуд оварданд, ки онро дар чунин ҳолат на арўзи араби, балки арўзи форсу тожики номиданамон дурусттар мебошад” [4.16-17-б]. (У давр (араб истилосидан кейинги давр - М.Х.) форс-тожик олим ва шоирлари араб истилосидан олдинги шеърият қонунлари сақланиб қолмаганлиги сабаб ўз тилларида шеър ёзиш учун бирор бир поэтик қонуниятлар тизимига эга эмасдилар. Шу сабабдан улар истаса-истамаса ўша давр юқори табақа вакиллари адабиётида амалда бўлган, марсум (расмийлашган) ва матбўъ (таъбга яқин) бўлган араб арузини янгидан, ўз тилларининг фонетик хусусиятларига мувофиқлаштирган ҳолда, қайта ишлаб чиқишга мажбур эдилар. Улар араб арузига кўп ўзгартиришлар киритиб, ҳозирги шеъриятимизга мос арузни вужудга келтирдиларки, уни бу ҳолатда араб арузи эмас, балки форс-тожик арузи деб номлаш тўғрироқ бўлади).
Ўзбек арузшуноси Абдурауф Фитрат Баҳром Сирусдан тахминан 30 йиллар олдин Шамс Қайс Розий ва унинг арузшунослик мактаби форс-тожик шеъриятига ўзига хос мустақил аруз метрикасини сингдиришда катта ҳисса қўшганини таъкидлаганди: “Эронлилар араблардан нима олган бўлса, айнан олмади, ўзгартириб, унга ўз хусусиятларини тақиб олди ёки олиб тақди...араб арузининг нисбатан умумий қоидаларини, назарий томонларини қабул қилишига қарамасдан форси(й) шеър вазнларининг муҳим хусусиятларини ҳам унга сингдира бошлади. Шундай қилиб, айрим бир форси(й) аруз майдонга қўйулди”[6.25-26-б].
Фитрат форс-тожик арузини араб арузидан фарқли баъзи жиҳатларини Шамс Қайснинг “Ал-мўъжам” асарига таянган ҳолда кўрсатиб ўтади ва бу фарқлар асосида Шамс Қайс биринчилардан бўлиб ўзидан олдин “араб ва ажам арузи” деб атаб келаётган иборадан мустақил равишда “ажам (форс-тожик) арузи” атамасини ажратиб адабиётшуносликда жорий этганини эътироф этади ва туркий адабиётда айнан мана шу эроний (форс)лар арузи қабул қилинганини эслатиб ўтади: “Ўрта Осиё турки(й) адабиёти учун қабул этилган аруз мана шу эрон адабиётида ишланган ва Шамс Қайс каби арузчилар томонидан “аруз(и) форси(й) аталган аруздир”[6.27-б].
“Ал-мўъжам”да муаллиф форс-тожик арузининг араб арузидан фарқли жиҳатларини чуқур назарий тадқиқ ва таҳлил асосида кенг тарзда кўрсатган. Масалан, Шамс Қайс форс-тожик арузини муайян системага солиш учун доиралар устида ишлайди ва араб арузи асосчиси Халил ибн Аҳмад томонидан яратилган бешта доираларнинг баъзилари форс-тожик шеъриятига мос ва хос бўлмаганлиги учун, уларни қисқартириб (жумладан, араб арузига хос тавил, мадид, комил ва вофир баҳрларидан тузилган доираларни) форс-тожик арузидан истисно қилади. Унинг фикрича, форс-тожик шеъриятини муайян системага солиш учун тўртта аруз доираси етарлидир. У шу аснода ўзигача фаолият кўрсатган арузшуносларнинг ишларини, яъни араб арузидаги баъзи бир доира ва баҳрларни ажам шеъриятига сунъий тарзда татбиқ этганликларини шу оҳангда инкор этади:
“Ва чун бад-ин муқаддимот бар баъзе аз тасарруфоти фосиди ин жамоат дар тақрири (баёни) буҳур ва сабти давоир вуқуф афтод ва тафсили хабту (кўр-кўрона) ғалати эшон дар ин фанн маълум шуд, савоб он аст, ки дар ин абвоб ба тақсимоти ботилу татвилоти (дурударози) беҳосили эшон илтифот нанамоем ва жумла буҳури ашъори ажамро дар чаҳор доира ниҳем”[7. 80-б]. (Баҳрлар ва доиралар зикрида олдингиларнинг баъзи бир меъёр жиҳатдан бузилган фикрларига гувоҳ бўлиб, бу фан (аруз)да уларнинг хато ва кўр-кўрона тавсифлари маълум бўлганлиги учун, бу бобда уларнинг фойдасиз узундан-узоқ таснифларига илтифот қилмаслик ва барча ажам шеъриятининг баҳрларини тўрт доирага жойлаштиришни савоб (фойдали) деб билдик).
Шамс Қайс Халил ибн Аҳмад томонидан яратилган Муштабиҳа доирасининг ўрнига форс-тожик баҳрларидан иборат бўлган икки доира – Мухталифа ва Мунтазиани яратади ва ўзи таъкидлаган 4 доирага 14 баҳрни жойлаштиради. Доираларда баҳрлар таснифи шундай келтирилган: Мухталифа доираси – мунсариҳ, музореъ, муқтазаб, мужтасс; Мўъталифа доираси – ҳазаж, ражаз ва рамал; Муттафиқа доираси – мутақориб ва мутадорик; Мунтазиа доираси – сареъ, ғариб, қариб, хафиф, мушокил.
Маълумки, зиҳоф аруз илмининг муҳим хусусиятларидан саналиб, унинг сонини аниқлашда турли фикру қарашлар мавжуд. Шамс Қайс биринчилардан бўлиб араб арузининг зиҳофотини ўрганиб, ажам арузида 35 зиҳофнинг мавжудлигини исботлади. Арузшунос олимнинг фикрича, бу зиҳофларнинг 22 таси араб арузига хос бўлиб, ажам шеъриятида фойдаланилади, қолган 13 таси эса ажам арузига хосдир. Зиҳофларнинг ҳар бири алоҳида номланиб, Шамс Қайс уларнинг вужудга келиш сабаб ва ҳолатларини аниқлаган. Бундан ташқари, у алоҳида фаслда бошқа 16 зиҳофни кўрсатиб шарҳлайдики, бу зиҳофлар, муаллифнинг таъкидлашича, “Ал-мўъжам”дан олдинги китобларга киритилмаган: “Ва чанд лақаби дигар ҳаст, ки дар фусули мутақаддим (гузашта) зикр ва шарҳи он нарафтааст, дар ин мавзеъ баён кунем ва он шонздаҳ аст: хазму муоқабату садру ажзу турфону барию муроқабату солиму саҳеҳу тому мавфуру вофию мўътадилу муаррою мажзўъу маштуру манҳук” [7.60-б]. (Ва яна бир неча исм (атама) борким, олдинги фаслда уларнинг зикри ва шарҳи келтирилмаган эди, бу ерда шарҳини келтирайлик. Улар ўн олтидир: хазм, муоқабат, садр, ажз, турфон, барий, муроқабат, солим, саҳеҳ, том, мавфур, вофий, мўътадил, муарро, мажзуъ, маштур ва манҳук).
Шамс Қайснинг яна бир кашфиёти шундаки, у форс-тожик шеършунослигида биринчи бўлиб рубоий вазнлари ва унинг турлари ҳақида маълумот бериб, унинг келиб чиқиш таърихини шундай изоҳлайди: “Ва яке аз мутақаддимони шуарои ажам ба пиндорам Рўдакий аз навъи ахраму ахраби баҳр (яъне баҳри Ҳазаж) вазне тахриж кардааст, ки онро вазни рубоий хонанд”[7.95-б]. (Қадимги ажам шоирларидан бири, фикримча, Рўдакий ҳазаж баҳрининг ахрам ва ахраб тармоқларидан бир вазнни яратганки, уни рубоий вазни деб атайдилар).
Муаллиф ўз асарида Ажам шеъриятининг дурдоналаридан саналган рубоий жанрининг пайдо бўлиши ҳақидаги таърихий воқеани ҳикоя қилиб беради. Мазкур ҳикояда Шамс Қайс рубоий вазни дастлаб форс-тожик халқининг оғзаки ижоди назмида вужудга келиб, классик адабиётда биринчилардан бўлиб мумтоз шеъриятимиз сарбони Абуабдуллоҳ Рўдакий назмида кузатилишини айтиб ўтади. Кейинги давр адабиётшунослари рубоий жанрининг келиб чиқиш таърихи ҳақида сўзлаганда Шамс Қайс малумотига асос сифатида ёндашганлар.
Шундай қилиб, форс-тожик арузнинг назарий ва амалий жиҳатдан шаклланиши ва изчил ривожланиб боришида Шамс Қайс Розийнинг «Ал-мўъжам» асари алоҳида аҳамият касб этиб, кейинги давр арузшуносларига форс-тожик ва туркий шеъриятнинг вазн хусусиятларини тадқиқ ва таҳлил қилиш учун кенг йўл очиб берди. Етук назариётчи олим аруз қоидаларини, хилма-хил баҳр ҳамда вазнларини форс-тожик тилига сингдириш ва батафсил шарҳлаш билан чекланиб қолмай, ажам халқлари оғзаки ижоди вазнлари билан аруз мезонларнинг хамоҳанглигини ҳам исботлади ҳамда форс-тожик лирикасига хос ва кенг қўлланилиши мумкин бўлган кўплаб вазнларни кўрсатиб, асослаб берди. Олим асар бобларининг ҳар бирида аруз илмига доир алоҳида масалаларни ўртага ташлаб, уларни назарий жиҳатдан тавсифлади, форс-тожик шеъриятининг дурдоналари мисолида ҳал қилди ва қимматли хулосалар ясади.
Шамс Қайсгача аруз илми истилоҳларининг маънолари турли хил шарҳланган бўлса, ундан кейинги, яъни XIII-XV аср арузшунослари, жумладан, Носириддин Тусий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Сайфий Бухорий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқалар “Ал-мўъжам”да келтирилган шарҳни тўлиқ ва мукаммал деб қабул қилганлар. Шамс Қайс Розий “Ал-мўъжам” асарини ёзиб ўзидан кейинги авлодлар учун форс-тожик арузшунослигида ўзига хос мактаб яратди. XV аср форс-тожик ва туркий арузшунослигининг юқори даражада тараққий этишига, Шайх Аҳмад Тарозий, Абдураҳмон Жомий, Сайфий Бухорий, Алишер Навоий, Атоуллоҳ Маҳмуд Ҳусайний, Ваҳиди Табрезий каби машҳур арузшуносларнинг аруз илмига бағишлаб алоҳида рисолалар битишларига айнан ана шу мактаб замин яратгани ўзгармас ҳақиқатдир.
Aдабиётлар:
Абдураҳмони Жомū. Осор. Жилди 8. “Рисолаи арўз”. – Душанбе: Адиб, 1990.
Алишер Навоий. “Мезон ул-авзон”. Нашрга тайёрловчи ва сўзбоши муаллифи Иззат Султон. - Тошкент, 1949.
Арўзи Сайфū ва Қофияи Жомū.Чопи Маҳмуди Фишорикū. -Тењрон, 1372.
Баҳром Сирус. “Арўзиточикū”. Душанбе-1963.
Ботирхон Валихўжаев.Ўзбек адабиётшунослиги тарихи. X-XIX асрлар. -Тошкент: Ўзбекистон, 1993.
Фитрат. Аруз ҳақида (Нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва изоҳлар муаллифи Ҳамидулла Болтабоев). –Тошкент: Ўқитувчи,1997.
Шамси ҚайсиРозū. “Ал-мўъжам”.- Душанбе: Адиб, 1991.
Урватулло Тоиров. Фарҳанги истилоҳоти арўзи ажам. –Душанбе: Маориф, 1991.
Mirzoyev X. The cole of Shams KaysRoziy in the development of XIII-XV centuries Persian-Tajik and uzbek ruz studiy. This scientific article explores the importanse of the masterpiece “Al-mujam” and its impact on the development of aruzpoetecmetheo of persian,tojik and uzbek languages. It detail descrifes the comparatwenanalysis of persian,tojik and uzbek languages and the conditions of these language the con sequent period of time.
Мирзаев Х. Место Шамс Кайс Рози в процессе развития персидско-таджикской и узбекских арузоведенний XIII-XV веков. В данной статье рассматрывается важность «Аль-Муджам» в формировании и развитии аруз в персидско-таджикской, узбекской литературе. На основе сравнительного анализа выясняется влияние этой произведении на последующий период развития персидско-таджикских и тюркских арузоведений.