Маматқулова Холида Ахтамовна,
СамДЧТИ ф.ф.номзоди
Калит сўзлар: Хейан даври, даврнинг адабий даврланиши, камбун ва вабун, Кожики, Нихонсёки, олти миллий тарихий асарлар (Риккокуси), рекиши - моногатари, “Буюк кўзгу” (кагами).
784 йил император Камму пойтахтни Нарадан Нагаока-киёга, 794 йили эса Хейан-киёга (ҳозирги Киото) шаҳрига кўчирган вақтдан Япония тарихида хронологик чегаралари IX-XII (794-1185 йиллар) асрларни қамраган 平安時代, хейан-дзидай –Хейан даври бошланган [1. 80.].
Мазкур даврда япон маданиятининг барча жабҳалари ривожланган. Маданий соҳалардаги ютуқлар натижасида миллий алифбо -“кана” пайдо бўлиб, хитойча ёзувдан воз кечиш имкони вужудга келган. Профессор Фужиока Хейан даври япон адабиётини тадқиқ қилар экан, унинг ривожланиш босқичлари алоҳида тўртта даврга бўлинишини таъкидлаган. Биринчи давр Хейан даврининг тўлиқ бир асрига тенг бўлиб, IХ асргача давом этган, япон адабиётида “Конин даври” деб ҳам номланган. Конин ҳокимияти даврида япон адабиётида муҳим ўзгаришлар бўлгани кузатилади. Иккинчи давр Х асргача бўлган давр адабиётини ўз ичига олади. Мазкур давр “Энги-Тенряку даври” деб ҳам юритилади. Учинчи давр ХI асргача бўлган давр бўлиб, Фужиока томонидан “гуллаб-яшнаган Фуживара даври” деб номланган. Фуживара ҳокимияти даврида давлат сиёсатида маданий соҳа асосий юқори чўққиларни эгаллаганлиги мазкур даврнинг ўзига хослигини англатган. Тўртинчи давр ХII асргача давом этган бўлиб, Фужиока “Инсей даври” деб номлайди: бу давр сиёсий қарашлар кучлилиги билан ажралиб туради [4. 26 бет.].
Биринчи давр Япония тарихида зодагонлар орасидаги адабий соҳа ривожининг биринчи босқичи ҳисобланади. Бу давр япон адабиётининг турлари ва жанрларининг ривожланиш жараёни, шунингдек, адабий истакларнинг тўпланиш даври десак хато бўлмайди. Ушбу даврда “абадий олтилик” (Роккасен) - Хейан даври адабиётининг буюк олти намояндалари, улардан биринчи навбатда Нарихира, Комати ва Хендзёлар Хейан адабиёти лирикасининг ибтидолари саналади.
Мазкур даврнинг ёзма тарихий манбаларини икки асосий йўналишга бўлиб ўрганиш мумкин: камбун (қадимги хитой ёзув тили)да ёзилган императорнинг фармонлари, буйруқлари, ҳисоботлар, сарой амалдорларининг кундаликлари, шунингдек, юқори сўз санъатининг намуналари - моногатарилар, кундаликлар, эсселар ҳамда назмий асарлар вабунда 和 文ёзилган. Хейан даври бошида вужудга келган “моногатари” атамаси, асосан ҳикоя, қисса, новелла, эртак, кейинчалик эса романларга нисбатан қўлланила бошлади [2. 27 бет].
Тарихий манбаларга қонунлар тўплами Тайхорё (702-718) ҳам киради. Илк моногатари қаҳрамонлари ижобий ва салбий қаҳрамонларга бўлинган: бошида ҳақиқат, меҳнатсеварлик, ташқи гўзаллик устунлик қилган бўлса – бироз ўтиб, эстетик дид ва поэтик маҳорат ўсиб борган. Характерни очиб беришда севги-муҳаббат ва жанг ҳамда фантастик ҳолатлар қўлланила бошланган. Бунинг ёрқин мисоли IХ асрда яратилган “Такетори моногатари” (Қария Такетори ҳақида қисса).
Мазкур даврда яратилган ўнлаб дунёга машҳур асарларда даврнинг машҳур кишилари ҳаётлари тасвирланган. Улар мавзу ва хронологик жиҳатдан бир-бири билан боғлиқ бўлиб, илму фан доирасида рекиши моногатари-тарихий қиссалар деб номланган [5.125.]. Уларда сон-саноқсиз таржимаи ҳоллар ёрдамида инсон тақдири мисолида воқелик, тарих тикланган. Тарихий қиссаларнинг шаклланишида икки тамойил мужассамлашган: мумтоз япон шеърияти ва хитой мутафаккири Сим Цяннинг “Тарихий ёзувлари” (Ши цзи, эрамизгача бўлган II-I асрлар). Япониянинг илк тарихий асарларининг яратилиши 620 йилларга бориб тақалган. Улар япон императорлари, сарой аъёнлари, оддий халқ ҳақида бўлиб, ислоҳотчи шаҳзода Сётоку (572-621) буйруғига кўра амалга оширилган. Мазкур ёзувларнинг аксарият қисми сақланмаган. Кам миқдорда сақланган баъзи қисмлари “Кожики” (Қадимий ёдгорликлар) таркибига киритилган. О-но Ясумаро томонидан тузилган “Кожики” икки қисмдан иборат бўлиб, унда илк япон хроникалари, императорларнинг келиб чиқиш тарихи ифодаланган. “Кожики”га мифология, антропология, жамиятшунослик, этнография ва адабиёт соҳасига оид қимматли маълумотлар киритилган.
“Кожики”дан кейин Нихонсёки (Япония аналлари.720 й.) яратилган. Нихонсёки қадимий Япониянинг олтита энг муҳим тарихий асарларининг биринчиси ҳисобланади [1.80]. Олтита миллий тарихий асарлар (Риккокуси) императорнинг буйруғи билан тузилган. Уларда илк афсонавий император Жимму давридан 887 йилгача бўлган Япония тарихи анчагина батафсил акс эттирилган. Мазкур асарлар 720 йилдан 901 йиллар давомида ёзилган. Навбатдаги тарихий асар “Секу нихонги” (Япония аналларининг давоми) бўлиб, 794 йилда яратилган. Мазкур асарда ўнг вазир Фудзивара Цуинава (727-796) бошчилигида бир нечта муаллифлар томонидан 697-792 йилги воқеалар баён этилган.
Риккокусининг учинчи китоби “Нихон ко: ки” (Япония ҳақидаги кечки ёзувлар) 792-833 йиллардаги тарихни акс эттирган. Фудзивара Оцугу томонидан яратилган қирқ жилдлик бу тарихий асрнинг бизгача фақат ўнтаси сақланган.
Тўртинчи асар Сёки нихон ко:ки (Япония ҳақидаги кечки ёзувларнинг давоми) икки муаллиф Фудзивари Ёсифуса (804-872) ва Харужуми Еситади (870 йилда вафот этган) томонидан ёзилган. Асарда 833-858 йиллардаги воқеалар тасвирланган.
Монтоку дзицуроку ёки тўлиқ Нихон Монтоку тенно дзицуроку (Япония императори Монтокунинг ҳақиқий хроникалари 879 йил.) 850-858 йиллар тарихидан “О:кагами” (Кўзгу) қиссалари бошланади. Шунингдек, Монтоку дзицуроку муаллифи -Фудзивара Мотоцуне (836-881) “Буюк кўзгу” қаҳрамонларидан бири ҳисобланади. Асар Олти тарихнинг бешинчиси ҳисобланади.
Риккокусини якунловчи асари “Сандай дзицироку”да (Уч ҳукмронлик даври ҳақиқий хроникалари, 901 йил.) уч император Сейва, Ёдзей ҳамда Коку ҳукмронлик қилган даврлар (858-887) ҳақида қимматли маълумотлар берилган. “Сандай дзицироку”ни тузишда Фудзивара Токихира (871-909) бошчилигида бир қанча муаллифлар иштирок этади.
Япония миллий тарихини ифодалаш хронологик тамойилга асосланган мазкур асарлар билангина чекланиб қолмайди. ХI асрда рекиши- моногатари жанри майдонга чиқиб Япония тарихини ёза бошлаган. Янги жанр тўққизта асари билан ўзини тўлиқ намоён этади. Мазкур асарларнинг сарлавҳасида кўзгу (кагами) сўзи мавжуд бўлиб, бир нечта адабий-тарихий анъаналарни ўзида мужассамлаштирган. О:кагами (Буюк кўзгу, ХI аср). О:кагамининг муаллифи ноаниқ. Асар муаллифи масаласи ҳозирги кунда ҳам тадқиқотчилар орасида баҳс - мунозарага сабаб бўлмоқда. Асл қўлёзма бизгача сақланмаган. Унинг уч, олти, саккиз ўрамали нусхалари мавжуд. Улардан энг тўлиғи олти ўрамалиги бўлиб, ёзилган вақти 1264-1275 йиллар деб кўрсатилган. Асар оқсоқолларнинг суҳбати шаклида яратилган. Муаллиф ўз халқи ва уларни бошқарган императорларнинг асрий орзусини тимсол ва афсоналарда ифодалаган. Муаллиф халқ оғзаки ижоди, удумлари ҳамда Япония ва Хитой қадимий ёдгорликларига асосланган ҳолда ўз асарларини яратган. Фалсафий ва ахлоқий қарашларининг шаклланишида Хейан даври адабиётининг бой меросидан фойдаланган. Зеро, уларни англаш, бадиий қайта ишлаш О:кагамининг бадиий қийматини оширган.
Асар сюжетига манба бўлиб оғзаки ҳикояларгина эмас, балки “расмий тарихлар” ҳам хизмат қилади. Шу сабабли уларнинг аксариятида тарихий воқеалар баён этилади ва реал тарихий шахслар иштирок этади, лекин “расмий тарихлар”дан фарқли ўлароқ, уларга бадиий ишлов берилган. Персонажлари орасида таниқли амалдорлар, олимлар, ёзувчиларгина эмас, ашулачилар, ҳунармандлар, савдогарлар, табиблар, қароллар ҳам мавжуд. Шу туфайли китобхон қаршисида жамият ҳаётининг “норасмий” томони намоён бўлади [6.28.].
“Кўзгу”лар таркибига кирадиган рекиши моногатари жанридаги навбатдаги асарлардан бири “Мидзукагами”- Сув кўзгуси. Асарда афсонавий император Жимму давридан 850 йилгача бўлган жами эллик тўртта императорларнинг ҳукмронлиги даврининг тарихи ифодаланган.
“Имакагами” (“Ҳозирги кун кўзгуси,1170 й.) 1025-1170 йиллар воқеалари ҳақида баён қилади. Асарларнинг беҳад кўплиги Фудзивара Митинага (885-1027) ҳукмронлиги даврида хейан сарой адабиёти ва маданияти тараққиётининг сўнгги, лекин энг юқори чўққисини бошидан ўтказаётгани эканлигидадир. Фудзивара Митинага ўлимидан кейин пойтахт Хейанкё зодагонлари таъсири пасайиб кетди. Тарихий қиссалар анъанаси ривожланишда давом этади. Номлари келтирилган асарлар тарихий қиссаларнинг тизимли ва тугалланган чизиғини тақдим этади. Баъзи муаллифлар ХIV-ХVI асрларнинг машҳур таржимаи ҳолларини рекиши моногатариларига киритишса-да, анъаналар софлиги тарафдорлари уларнинг жанр шаклий талабларига жавоб бермасликларини таъкидлайдилар [1.84].
Асарлар муаллифлари ватанпарварлик келажакда Япония давлатини тиклайди, энг аввало тарих ва тилни сақлаб қолмоқ керак деб таъкидлаган. Муаллифлар йирик файласуф сифатида келажакни кўра олгандай асарларида ўз мамлакатидан ғурурланиш, айниқса, қадимги қаҳрамонликлардан фахрланиш туйғусини ифодалаган. Улар орқали халққа миллийлик ғояларини сингдиришга ҳаракат қилган. Шу мақсадда яратилган катта ҳажмдаги “Кўзгу”лар ватанпарварликни тараннум этган. Бирор бир воқеани, нарсани унутиб қолдирмасликка эътибор қаратилган. Китобларга ўзларидан аввалги ўтган йилномачи ва тарихчиларнинг асарларидаги миф ва афсоналарни киритиб, кейин эса бошқа манбалардан олинган янги маълумотлар қўшилган. Кўпинча афсонадаги бош қаҳрамоннинг туғилиши билан боғлиқ ғайриоддийлик, яъни уларнинг қандайдир илоҳий кучлар ёрдамида дунёга келиши ёки бўлмасам инсон қонидан туғилмасдан қандайдир фарқли ҳолат билан дунёга келишини кўрамиз. Афсоналарнинг ҳам якуни эзгулик билан тугашини кузатамиз.
Мазмун-моҳияти билан бутунлай ўзгача мазкур асарларда жанрлар кўлами кенг ва ранг-барангдир. Муаллифлар асарларини бошқа жанрлар–танка, таржимаи ҳол, миф ва афсоналарга хос хусусиятлар билан бойитадилар. Улар “Кўзгулар”- рекиши моногатариларда турли жанр хусусиятларини мужассам қилар эканлар, ҳаёт тасвири диапазонини ҳайратланарли даражада кенгайтирадилар” [5.57.]. Алоҳида ҳар бир жанр бундай имкониятга эга эмас эди. Асарда анъанавий жанрларнинг чекланган томонлари маҳв этилган. Асарларнинг тарихийлиги воқеликни мушоҳада қилишнинг юқори даражасига кўтарилиб, шахсий кечинма умумий хулосаларга олиб келган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб қуйдагиларни таъкидлаш мумкинки, рекиши моногатариларда муаллифлар ўз халқлари ҳаёти, урф-одати, характер хусусияти, кураши ва орзу-интилишларини мужассамлашга эришиб, ўзига хос ижодкор эканликларини намойиш қилган. Шунингдек, ҳар бир жанр ғоявий моҳиятининг мавзу билан муштараклиги, воқеликни бадиий ифодалашдаги вазифалар муштараклиги асарларда мавзу, сюжет ва қаҳрамонлар нисбий ўхшашлигини юзага келтирган. Асар композицияларининг муҳим ўзига хос хусусиятлари шундан иборатки, ҳар бир муаллиф адабий анъаналар чегарасидан чиқмай, ўз даврининг энг илғор маърифий ғоясини бадиий ифода этган.
Маълумки, бадиий асар ғояси унинг композициясини ҳам (тахминий равишда) аввал бошданоқ белгилайди. Бир-бирига мазмунан жуда яқин рекиши моногатарилар муаллифларнинг ғоявий мақсадларидан келиб чиқиб муайян жанр ва композицион тизимни талаб этган. Ўткир фалсафий мушоҳадалари бадиий имкониятларини мазкур жанрдагина мукаммал ифодасини топдира олган.
Мухтасар умумий хулоса шундан иборатки, рекиши моногатариларни Япония тарихи бирлаштириб бадиий ижод талабларининг бошқа барча масалаларида асарлар бир-биридан катта фарқ қилиб, ҳар бири ўзининг хусусий бетакрор жиҳатлари, фазилатларига эгадир. Умумжаҳон маданияти, адабиёти ва санъати ривожига муҳим ҳисса қўшган муаллифларнинг ижодига назар ташлар эканмиз, рекиши моногатари жанрида ўзларининг ижодий имкониятларини фақат умуминсоний тараққиёт тарғиби учун хизмат қилдирганликларини кўрамиз. Маънавий комилликка фақат поклик ва тўғрилик билан, комил хулқ билан етмоқ лозим, деган ғояни илгари суриб, қаҳрамонлари орқали ўз фикрларини баён этадилар.
Японияда иқтисодий фаровон ҳаёт ривожланиши баробарида тарихшунослик хоҳ расмий, хоҳ норасмий бўлсин мавзуси долзарблиги, ижодкор нуқтаи назарида комилликнинг муҳташам пойдевори ҳам, олий чўққиси ҳам миллат маънавий баркамоллиги эканлиги аниқланди. «Japan Foundation» ташкилотининг маълумотларига кўра жаҳоннинг олтмиш иккита мамлакатларининг етти юз ўттиз бешта университетларида японшунослик бўлимлари мавжуд. Улар Япониянинг турли соҳаларини ўрганиш билан шуғулланадилар. Ўрганилаётган мавзуларни асосан долзарб муаммолар: ҳозирги кунда мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши, халқаро муносабатлар, ядровий инқироз, шунингдек, маънавий масалалар ташкил қилади.
Ўзбекистонда япон ижодкорларининг асарларини бадиий жиҳатларини ўрганиш, таржима қилиш соҳасидаги изланишлар борасида саноқлигина ишлар амалга оширилган. Бундай тадқиқотларнинг когнитив лексик, адабий, адабий – қиёсий, қиёсий - таҳлилий усулларда олиб борилиши, бизнинг назаримизда, ўзбек японшунослиги тараққиётида навбатдаги муҳим қадамлардан бири бўлади. Шу боис бу борада талай илмий изланишлар олиб борилмоғи зарур. Ўзбекистонда мазкур асарларни ўрганиш ва таржима қилиш ўз тадқиқотчиларини кутмоқда.
Адабиётлар:
1. Горегляд В.Н. Японская литература.VIII-XVI веков.Начало и развитие традиций.-СПБ. Петербургское востоковедение. 2001. 2-издание.
2. Япония в эпоху Хэйан (794-1185). Хрестоматия /Составление, введение, пер. с древнеяп. и комментарии М.В. Грачева. М.: РГГУ, 2009.
3. История всемирной литературы в 9 ти томах. 3 том. М.: “Наука”.1985.
4.Фужиока Тадахару. Кодза нихон бунгаку. Лекции по японской литературе.том 3. Книга 1. Токио. 2008.
5. Keen D. Seeds in the heart. Japanese literature from Earlest Times to the late Sixsteenth. Century. N. -Y. 2003.
6. Черноземова Е.Н. Луков В.А. История зарубежной литературы средних веков и Вожрождения. Практикум - М.: Флинта - Наука 2004.
Маматкулова Х. Особенности японской историографии в литературе периода Хейан. В настоящем исследовании рассматривается японская историография в литературном процессе периода Хейан, который отличается своей оригинальностью. Исследуются исторические памятники и повествования (моногатари), созданные на камбуне и вабуне, которые предоставляют ценную информацию при изучении японскую историю и социокультурную жизнь периода Хейан.
Mamatkulova Kh. The peculiarities of Japanese historiography in the literature of the Heyan period. This research examines Japanese historiography in the literary process of the Heyan period, which is distinguished by its originality. Historical monuments and narratives (monogatari), which provide valuable information when studying Japanese history and the socio-cultural life of the Heyian period created on the camboon and wabun are explored.