Санақулов Усмон,
СамДУ профессори, филология фанлари доктори
Калит сўзлар: давлат бошқаруви, давлатчилик тизими, давлат бош хукмдорлари, тѳрү, тўра, хўжа, сиёсат, адолат, қонун-қоида, қапуғ, қурқа, тѳр, орду, жамоат, йавғу\яфғу,элиг, элчи баши (юртбоши), элчи, хон, султон, ябғу, бег, малик, подшоҳ, йўриқ.
Бугунги кунда лексик ва грамматик маънони лисоний ва прагматик омиллар яхлитлигида тадқиқ этиш тилшуносликнинг ривожланиб бораётган замонавий соҳаларининг тараққиётини таъминлаши омилларидан саналади. Бу масалани тадқиқ этиш ўзбек тилшунослигида лингвистик жиҳатдан махсус ўрганиш замон талаби саналади, ҳатто, жаҳон тилларида бу масаланинг тадқиқ этилиши қисман илгарилаб кетган бўлса-да, ҳозир ҳам долзарб масалалардан ҳисобланади. Бу йўналишдаги тадқиқотлар нафақат ўзбек тилшунослигида, балки туркологияда, ҳатто, жаҳон тилшунослигида ҳам ҳали якунланган эмас. Хусусан, ўтмиш ёзма манбалар тил материалининг лексик маъно қатламини лисоний прагматик омиллар яхлитлигида таҳлил этиш ҳозирги долзарб масалалардан саналади.
Шу боис тил тарихидаги қилиниши лозим бўлган муҳим илмий ишлардан бири ўтмиш ёзма ёдгорликларининг лексикасини мукаммал тадқиқ этишдир. Зеро, бу масала тўлиқ амалга ошмас экан, ўзбек тилининг, аниқроғи, ўзбек адабий тилининг луғат систем-структурасининг шаклланиш қонуниятларини очиш ва ёритиш қийин. Тўғри, ўзбек тилшунослигида бир қатор ишларда баъзи бир ўтмиш ёзма ёдгорликларининг лексикаси у ёки бу жиҳатдан тадқиқ этилган. Лекин улар ҳали етарли эмас. Чунки, тилнинг луғат системаси турли аспектларни қамраб олади. Ҳар бир асар лексикаси илмий жиҳатдан мукаммал синчиклаб ўрганилса, ундаги сўзлар турли соҳаларга оид терминлар ҳам эканлигига амин бўламиз. Жумладан, ўтмиш асарларида қўлланилган ижтимоий лексикага хос терминлар шу соҳалардан биридир. Ҳар бир ижтимоий термин ижтимоий ҳодиса маҳсулидир. Уларнинг анчагина қисми давлат ва давлатчилик билан боғлиқ. Давлат ва давлатчиликнинг ўзи ҳам ижтимоий ҳодисалар маҳсулидир. Ҳар қайси давлат мамлакат миқёсидаги ҳокимиятнинг махсус бошқарув аппаратига таянади. Ўзбек давлатчилиги бошқаруви бир неча асрлик тарихга эга бўлиб, у жамият тараққиёти жараёнида такомиллашиб борган. Бу ҳолни ўтмиш ёзма манбаларини кузатганда ишонч ҳосил қиламиз. Масалан, бу соҳани ўрганишда XI аср адиби Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асари муҳим манбалардан бири ҳисобланади.
“Кутадғу билиг" Юсуф Хос Ҳожиб Баласоғуний томонидан 462 йил ҳижрийда ёзилган. Асар қорахонийларнинг феодал давлатини узоқ, сақлаб қолиш, уни мустаҳкамлаш мақсадиучун хизмат қилган. Шунинг учун автор асарда ана шу мақсадга хизмат қилувчи бир канча сиёсий, ижтимоий, иктисодий ва ахлоқий масалаларни қамрашга интилган.Юсуф Хос Ҳожиб ўзининг зўр илмий қудрати туфайли бу улкан асарни яратишга муваффақ бўлган. Чунончи, унда давлатни идора қилиш усуллари, давлат арбоблари, давлат қурилиши масалалари, жамият аъзолари орасидаги муносабатларни ва иқтисодни тиклаш, хўжаликни ривожлантириш каби қатор масалаларни ўша давр талаби асосида изоҳлаб берган. Асарда берилган маълумотлар Юсуф Хос Ҳожибни бизга ёлғиз ўз замонининг улуғ шоиригина эмас, шу билан бирга унинг тарих, тиб, риёзиёт ва бошқа кўп фанлардан хабардор фозил инсонлигини кўрсатади1.
“Қутадғу билиг”нинг лексик тизими ранг-баранг бўлиб, унда ижтимоий лексикага хос терминлар катта ўрин эгаллайди. Улар ўзига хос услубий-семантик хусусиятларга эга. Шулардан бири давлат бошқаруви ва давлатчилик тизимига оид лексик маъноли бирликлардир.
Асарда давлат бошқаруви ва давлатчилик тизимига оид қуйидагича лексик-семантик бирликлар ишлатилган. Улар ижтимоий терминлар бўлиб, ҳукмдорликка оид лексемаларнинг услубий семантик хусусиятларини қамраб олган. Олий давлат идорасини давлат ҳукмдори бошқарган. “Қутадгу билиг”да бош ҳукмдорларни ифодалаш учун бир қанча терминлар қўлланилган. Қуйида ушбу терминлардан баъзиларининг луғавий семантик хусусиятларини кузатиш мумкин:
تورو .1-Тѳрү- қонун. Бу терминнинг ДТС (Қадимги туркий тил луғати) да бир қанча маънолари қайд қилинган: “Тѳру” - порядок, правила, закон, обичай, яъни тартиб, қоида, қонун, одат маънолари билан изоҳланган. Бошқа манбаларда ҳам бу термин шунга ўхшаш семантик маъноларда изоҳланган. Масалан, 1) тартиб, қоида, қонун; 2) урф-одат; 3. никоҳ маросими каби маъноларда қўлланилганини кузатиш мумкин. Чунончи, уйғур битикларида:“Эл башлағү тѳрүсин ѳтүнүр сызлар айыту - сиз мамлакат бошқаруви тартибини илтифот билан сўрайсиз” (Uig I 25); “Күч елдин кырсä тѳрү түңлүктүн чиқар”(МК.III том, 120 б.) - Агар куч эшикдан кирса қонун мўридан чиқар. Урф-одат маъносида: “Бир йилқа элиг күн арығ динтарча вусанти олырсүқ тѳрү бар” (Chuast Л 115);“Түр қызын Эртиŋу улуғ тѳрүн уйлума алы бертим”–Урф-одат билан катта тўй қилиб ўғлимга Тюргеш ҳоқонининг қизини олиб бердим (БК Х b10).
Ушбу термин XIV-XV асрларга келиб тўра, хўжа маъноларида ҳам қўлланила бошлаган. Мумтоз адабиётимиз намояндаси Алишер Навоий ўз асарларида тўра термини хонзода, подшоҳзода тушунчаларини ифодолаш учун ҳам қўллаган. Лекин “Қутадғу билиг” асарида тѳрү терминини асосан сиёсат, адолат қонун-қоида маъносида ишлатилган: “Кѳни бѳл кѳнилик γзе қыл тѳру” – одил бўл адолат узра сиёсат қил (766); “Тѳрудэ экигу меңе бир саны . Кѳни бѳл кѳнилик γзе қыл тѳруодил бўл адолат узра сиёсат қил” (766).“Сийасат йуритса сγ башлығ болур”(378б) - Сиёсат юритса лашкар итоаткор бўлади.
Юсуф Баласоғуний ўз асарида тѳрү терминини юқорида кўрсатиб ўтилганидек сиёсат, адолат, қонун-қоида маъноларида ишлатганидан ташқари ҳукмдор маъносида ҳам қўллайди:
Тѳрү түз йурыты байуды будун,
Атын эдгү қылды ул эдгү ѳдүн.
(288 байт).
Яъни Ҳукмдор адолатли сиёсат юритди, халқ бойиди, уяхшилик даврон билан ўз номини абадийлаштирди.
“Қутадғу билиг”да тѳрү термини билан бирқаторда қапуғ, сарайығ, қурқа,тѳр, орду, жамоат, йавғу\яфғу каби ижтимоий маъноли атамалар ҳам ишлатилган. Бу терминларнинг ҳар бири ўзига хос семантик хусусиятларга эгадир.
1. Қапуғ термини ДТСда двер, ворота, приемная комната, яъниэшик, дарвоза, ҳукмроннинг қабулхонаси маъноларида изоҳланган. Бу термин “Кутадғу билик"асарида ҳар учала маънода ҳам ишлатилган:“Қапуғда қалын баш йумытты йурыр” (756) – Йўлбошчи қабулхона эшигида кўп иш юритувчилар йиғилган.
2. Жамаъат – жамоат:“Толу тутса мазгад жамаъатларығ”(816).
3.Сарайығ- ҳукмрон турадиган кўшк: “Этиглиг сарайығни бузувчи ѳлум”(226).
4. Қурқа-мартаба: Бу қурқа тапунса тэгиб эр бирер-Киши бу мартабаларга эришиб хизмат қилса (612б).
5. Тѳр термини ДТСда почетное место, яъни юқори ўрин, тўр маносида изоҳланган: Бу термин “Кутадғу билиг"да ҳам шу маънода келган: “Эр эдгγ болуб ѳтрγ тѳрке барур” (332б)- Киши яхши бўлса тўрга чиқади (юқорига кўтарилади).
6. 0рду термини ДТС да ставкарезиденция хана, дворец, яъни ҳукмрон қасри, ҳукмрон ўрдаси маъносида изоҳланади. Бу термин “Қутадғу билиг”да ҳамшу маънода келган: “Тэр эшитгил γч орду ханы” (818б) – Уч хумрон хони нима дейди эшитгин.
7. Йавғу\ яфғу термини амалдор маъносида қўлланилган: “Нэкγ тэр эшитгил бѳгә йавғус “ (812).
8. Мулқат термини пошолик маъносини ифодалаган (88б). Умуман ,“Кутадғу билиг" асарида бу каби ижтимоий маъноли сўзлар кўп учрайди.
“Қутадғу билиг”да тѳрү термини билан бир қаторда давлат бошқарувчиси, ҳукмрон, ҳоқон маъноларида, умуман, давлат бош хукмдорлари номларини ифодаловчи кўпгина атамаларни кузатиш мумкин.
1. Тѳрγ термини ўз навбатида ҳоқон маъносида ҳам ишлатилган. Масалан,“Тѳрγ тγз йурыты байуды будун” (104 бет. 288 байт) – Ҳоқон адолатли сиёсат юритди, халқ бойиди. Шунингдек, ҳукмрон, ҳоқон маъносида элиг, элчи баши (юртбоши), элчи, хон , султон, талу, одрум, ябғу, бег, малик, подшоҳ, йўриқ каби терминлар ҳам ишлатилган. Масалан,
2.Элиг – ҳукмрон маъносида: “Эй элиг (ҳукмрон) бака кѳр сэн ѳзкә кѳзγң”(104 бет. 288 байт).
3. Элчи\ эл бошлиғи: “Нэку тер эшитгил кѳр элчи бѳгу”(394б)
4. Элчи башы: “Идиси (хўжаси) башын йэр эй элчи башы”(614б).
5. Будун термини фуқаро, жамоа, элат, аҳоли, элат, оддий халойиқ маъноларини ифодалаган:“Эди йақшы аймиш будун башчысы”(606б.).
6. Ҳақан термини хон маъносини ифодалаган: Бу термин “Қутадғу билиг”да ҳам учрайди:“Китабка битинди бу ҳақан ати” (78б).
Таъкидлаш лозимки, шарқ халқлари орасида хон термини ҳукмронларнинг унвони бўлиб, энг қадимий формаси “хақан” шаклида Хитойда Шелун биринчи бўлиб, шен-ю унвоңини қўллаган2, кейинроқ уңинг издошлари бу сўзни “хакан” (kho khan), яъни император маъносида ишлатишган. Кейинчалик барча Ўрта Осиё ҳукмдорлари ҳоқон терминини унвон сифатида қабул қилишган. Бу термин V-VI асрларга хос битикларда ҳам учрайди. Мусулмон тарихчилари, шоирлари ҳоқон терминини татар ҳукмдорларига нисбатан қўллашган. 744 йилда эса уйғурлар томонидан Текюй империяси барпо қилингандан сўнг уларнинг ҳукмдорлари ўзларини келиб чиқишлари турк бўлган хитой ҳукмдорлари сифатида ҳоқон ном билан аташган, яъни ўзларини "tengri khakan", "небесных хаканов" мазмунидаги ҳоқон деб қўллашган. Шундан кейин ҳоқон термини унвон, титулни ифодалаш учун уйғурлар, мўғуллар, хитойлар, манжурлар салтанатида ишлатила бошланган. Мўғуллар тангаларида kaan (ҳоқон маъносида)сўзи учрайди. Бу термин фақат XI асрга келиб хон шаклида, жаноб маъносида ҳам ишлатилган. Тобатлар даврида ҳам бу термин учрайди. Шимолий Муғулистонда III асрда ҳукмронлик қилган Линхан тобатларнинг 67-ҳукмдори сифатида ўзини хон деб атаган. Шундай қилиб хон термини ҳоқон атамаси билан бир хил даражада қўлланилган (Қаранг: Ф.А.Брокгауз, И.А.Ефрон. Энциклопедический словарь). Кейинчалик қатор шарқ мамлакатларида ўрта асрга хос ҳокими мутлақнинг унвони ва шу унвонни ёки лавозимни олган шахс мутлақ ҳумрон, яъни хон ҳисобланган.
7. Хан термини“ Қутадғу билиг”да ҳам қўлланилган: “Нэку тэр эшитгил γч орду ханы” (818б).
8. Малик, подшоҳ терминлари давлат бошлиғини ифодалаган: “Маликлар қоруғима асбаб тγрә” (55б) –Подшоҳларнинг қўрғони ҳамда барча керакли нарсалари; “Адлқа Кγнтуғди элиг ат бериб, падшаҳ ўрнига тутмыш”(48б) – Адлга Кунтуғди номини бериб, подшоҳ лавозимига қўйибди.
9.Бәглик термини ДТСда бекство, бекское правление, яъни беклик, беклик ҳукумати маъносида изоҳланган. Юсуф Хос Ҳожиб асарида бәглик термини ҳокимият, ҳукмдорлик маъносида қўлланган. “Бу бәглик улы кѳр кѳнилик турур” (804-байт, 176 б). – Беглик (ҳокимият)нинг пойдевори кўргин тўғрилик эрур; Бэглер шакли эса ҳукмдорлар маъносида қўлланилган: “Билиг бирле бегләр этәр эл иши” (104б\ 297байт).
10.Йорық термини йўлбошчи, байроқдор маъноларида қўлланилган: “Йорықын кѳдәзсе алам башлар эр" (384б) – Байроқдор (йўлбошчи)ўз режаларини сир тутса (36)(384б).
Хуллас, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асарида кўплаб ижтимоий-сиёсий лексикага хос терминлар қўлланилган бўлиб, ушбу мақолада фақат ҳукмдорликка ва давлат бош хукмдорларига хос баъзи терминларгина мисол тариқасида келтирилди. Ҳозирги пайтда бу мавзу махсус тадқиқотни талаб этмоқда.
1. Муталлибов С. Морфология ва лексика тарихидан қисқача очерк.-Т.: Фан, 1969, 6-бет.
2. Исабек Б. “Шанюй унвони ҳақида” (Турк шажараси).-Т.: “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 1993. 16 апрель.
Адабиётлар:
Древнетюркский словарь.-Л.: “Наука”,1969 (-676).
Малов С.Е. Памятники древнетюркской письменности (Уйгурский письмо). М.-Л.: “Наука”, 1951 (-451).
Маҳмуд Кошғарий. Девону луготит турк, 3-том.-Т.: “Фан”, 1963 (-499).
Муталлибов С. Морфология ва лексика тарихидан қисқача очерк.-Т.: Фан, 1969 (-239).
Боровков. А. К. Лексика среднеазиатского тефсира ХII-ХIII вв.–М.:Изд.во Восточная лит-ра, 1963(-367).
Исабек Б.“Шанюй унвони ҳақида”(Турк шажараси).-Т.: “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 1993. 16 апрель.
Насилов В.М. Древне-уйгурский язык. –М.: Вост. лит., 1963.
8. Юсуф Хос Ҳожиб. Қутадғу билиг (Саодатга йўлловчи билим). Транскрипция ва ҳозирги ўзбек тилига тавсиф. –Тошкент: Бадиий адабиёт, 1971(-964).
Sаnakulov U. Social terms in Yusuf Khos Khodjib’s literary work “Kutadgu bilig”. This article focuses on investigation of the terminology of socia-political lexics used in the literary work of the XI century by Yusuf Hos Hojib. It is one of the most important issues in our linguistics. For this purpose, the specific structure, system, and semantic meaning of terms of social-political lexics belonging to state and statehood, dominance and state rulers are briefly described in this aspect.
Санакулов У. Социальные термины в произведении Юсуфа Хос Хожиба «Кутадгу билиг». Статья посвящена изучению терминологии общественно–политической лексики, использованной Юсуфом Хос Ходжибом в его литературном произведении XI века, что является одним из наиболее важных вопросов в отечественной лингвистике. С этой целью кратко описаны специфическая структура, система и семантическое значение некоторых терминов общественно–политической лексики, характерных для государства и государственности, господства и государственных правителей в этой области.