Юсупов Отабек Якубович,
СамДЧТИ филология фанлари доктори (PhD)
Замонавий тилшунослик тилни тадқиқ этиш чегараларини кенгайтириб бормоқда. Тилшуносликни туташ фанлар билан – энг аввало, маданиятшунослик, этнология ва этнография билан – бир яхлит ҳолга келтириш натижасида лингвокультурология шаклланди. Турли маданиятларни қиёслаш тил ва маданиятда миллий ўзига хослик масаласининг қўйилишига олиб келади. Бир томондан, маълум маданият вакиллари учун хос бўлган нолисоний шароитнинг баъзи қирралари тилда намоён бўлса, бошқа томондан, сўзловчи шахс тилни ва хусусан, сўзларнинг маъноларини ўзлаштирар экан, у дунёни она тили орқали кўра бошлайди ва маълум маданиятга хос белгиларни ўрганади [А.А. Абдуазизов, 2004: 28].
Лексик дублетлар масаласи умумий тилшунослик, германистика, романистика, рус тилшунослиги ва туркологияда маълум даражада тадқиқ қилинган. Агар инглиз тилида лексик ва этимологик дублетлар ҳосил бўлишига лотин, юнон ва скандинав тиллари туртки берган бўлса, ўзбек тилида бу каби дублетларнинг вужудга келишида рус, араб ва форс тиллари катта аҳамиятга эга.
Маълумки, чет тилидан кириб келган ҳар бир янги сўз табиий равишда ўша тилнинг фонетик, орфографик, грамматик элагидан ўтади. Бунда сўз ўзлашмаларга ажратишнинг қийин эканлиги илмий адабиётларда қайта-қайта таъкидланиб келинмоқда. Бу масала билан биринчилар қатори шуғулланган немис тилшунослари ўзлашган сўзларни “аниқ қилиб чет сўз ёки ўзлашма эканлигини фарқлаб бериш баъзи бир сабабларга кўра қийин эканлиги”, “Чет сўзлар масаласи чўғ темир эканлиги, кимки унга қўл урмоқчи бўлса, осонгина куйдириб олиши” мумкинлигини уқтиришган эди. Таъкидланган қийинчиликларга, “огоҳлантиришларга” қарамай, тилшуносликда ўзлашган сўзлар таснифи бўйича катта ишлар қилинди, илмий фикр-мулоҳазалар билдирилди [А.Ҳожиев ва бошқ., 1981: 85].
Чет сўз қабул қилувчи тил таъсири остида ўзининг айтилиши, ёзилиши, сўз ясаш хусусиятлари ва маъно бўёқдорлигини озми-кўпми ўзгартиради. Шу ўзгаришлар, чет сўзни қабул қилаётган тилнинг бевосита таъсири остида содир бўлганлиги сабабли, уни ўзлаштираётган тилга дахлдор ва уники (унинг ўзиники), балки унинг ўзгарган имлоси, ўзгарган талаффузи, янги сўз ясаш имконияти ва янги касб этган маъносигина ўзлашган бўлади. Ваҳоланки, чет сўзнинг бу янги хусусиятлари уни ўзлаштираётган тилнинг маҳсулидир. Шунинг учун тилда ўзлашма терминининг қўлланилиши, чет сўзнинг у кириб келган тил таъсири остида юзага келган янги сифат ва белгиларига, янги маъноларига алоқадор бўлиши керак. Чет сўзнинг ўзига нисбатан, айниқса, у қабул қилиниш жараёнида бирон-бир ўзгаришга учрамаган бўлса ёки учрамаса, энди уни ўзлашди, бизникига айланди, деб бўлмайди. У фақат ўзи кириб келган тилдаги аввалдан қўлланилиб келаётган чет сўзлар қатламидан ўрин олган бўлади, холос. Зеро, у айнан ўзлаштирилмайди, балки қабул қилинади ёки кириб келади.
Лексик дублетларнинг таркиб топиши ва ривожланишида турли даврларда ва географик жойлашувига кўра турли манзилларда яшовчи тил истеъмолчиларининг ҳам ҳиссаси мавжуд. Лексик дублетлар тараққиёти жараёнида ижтимоий-сиёсий ва лингвокультурологик омиллар ҳамда диалектал терминларнинг адабий тилга кириб келиши муҳим аҳамият касб этади. Бунда диалектал термин адабий тилдаги термин билан айни бир маънога эга ҳолатга келади ва лексик дублетларни шакллантиради. Ўзбек адабий тилидаги нарвон сўзи билан биргаликда шоти профессионализми ўзлаштирилди. Натижада нарвон ва шоти терминлари ҳисобига лексик дублет шаклланди. Бироқ, нарвон маъносини англатувчи занги сўзи адабий тилдаги нарвон термини билан лексик дублет бўла олмайди. Чунки, адабий тилга қабул қилинмаганлиги сабабли занги сўзи нарвон сўзига тенг дублет бўла олмайди. Шунингдек, қарсак – чапак; пул, ақча, мўллажиринг; чап, сўл кабилар ҳам шулар жумласидан. Лексик дублет ҳосил қилишнинг шартларидан бири унинг таркибидаги компонентлар ҳаммаси ё бир адабий тилга, ё бир диалектга, ё бир шевага мансуб бўлиши шарт [М.Миртожиев, 2010: 194].
Синонимик қатор диалектал хусусиятга бўлган муносабатига кўра ўзаро фарқланадиган сўзлардан иборат бўлганида адабий тилга хос асосий маъно ифодаловчи сўз бўлади, диалектал хусусиятли сўз ҳеч вақт доминанта бўла олмайди. Масалан, чап, сўл қаторида чап сўзи; ўрнак, намуна, улги қаторида ўрнак сўзи адабий тилга хос ҳисобланади. Сўл, улги сўзлари эса диалектал хусусиятли. Синонимик қатордаги асосий сўз, кўриб ўтилган хусусиятларига кўра, ўз қаторидаги бошқа сўзларга нисбатан адабий тилда кенг қўлланади.
Шу нуқтаи назардан Қарши шевасига мансуб чўт сўзи адабий тилдаги теша термини билан абсолют синонимлик қилмайди. Шу нуқтаи назардан ёндашилса, “патли гилам” маъносини берувчи Ургут шевасига хос жулқирс; Жўш шевасига хос қолин; Қора работ шевасига хос тасирловуқ профессионализмлари ўзаро абсолют синоним бўлмайди. Чунки улар ўз шевасигагина мансуб бўлиб, бирор шевада биргаликда қўлланмайди. Худди шу масалада чет тилидан сўз ўзлаштириш орқали ўз сўз билан абсолют синоним таркиб топтирилиши ҳақида ҳам ўз нуқтаи назардан ёндашиш мумкин. Ўзлашма термин билан ўз лексикага оид термин ўртасида абсолют синоним таркиб топиши мумкин [М.Миртожиев, 2010: 194].
Лексик дублетларнинг пайдо бўлиши ҳамда уларнинг шаклланишида ижтимоий-сиёсий, лингвокультурологик контекстда сўзнинг шакли ва маъносини ўзгаришга олиб келувчи эҳтиёжнинг диалект ёки шеваларидан фойдаланган ҳолда қондириш ҳолатлари ҳам кузатилади. Лексик дублетларнинг шаклланиш ва уларнинг ривожланишида тилдаги ҳодисалар билан бир қаторда жамиятдаги ижтимоий-сиёсий ва маданий омиллар ҳам ўз таъсирини кўрсатади.
Лексик дублетлар ўз маъноларидан ташқари, кўчма маънода ишлатилиш, функционал бўёққа эга бўлиш омиллари, бошқача қилиб айтганда, ўзларининг турли услубга мансуб эканликлари жиҳатидан фарқланади. Бу нарса, айниқса, синонимия ҳодисасида очиқ кўзга ташланган.
Лексик дублетлар ҳосил қилган синонимик қаторларнинг кўп миқдорда бўлиши тарихда нутқ услубларининг кураши натижасидир. Бу синонимик қаторлар асосан ўзбек тилининг ўз бойлиги ҳисобига ҳосил қилинган, лекин, баъзан араб ва форс тилларидан олинган сўзнинг улуши ҳам етарлича.
Лексик дублетлар ҳосил бўлиши учун муайян тарихий шарт-шароитлар бўлиши тақозо этилади. Турли тарихий шароитда бу кураш турлича натижа берган. Бунда асосан тўрт ҳолат мавжуд:
1. Ислом динининг кенг тарқалиши натижасида ўзбек тилига диний тушунчаларни англатувчи кўплаб форс-тожик ва араб сўзлари кириб келиши натижасида истеъмолдаги ўзбек сўзлари муомаладан чиқиб кетади.
2. Ўзбек тилининг ривожланиши натижасида кўплаб рус, форс-тожик ва араб сўзлари ўз ўрнини ўзбек тилига бўшатиб беради. Бу ҳолат, айниқса, ХХ асрнинг иккинчи ярми ва мустақилликдан кейинги даврлар, лекин, барча сўзлар ҳам кенг истеъмолда кенг қўлланиши сақлаб қолинмади: университет-дорилфунун, факультет-куллиёт, агроном-зироатчи, гражданин-фуқаро, аэропорт-тайёра, самолёт-ўчоқ, област-вилоят, район-туман ва б.
3. Тилда икки сўз ҳам сақланади, лекин, маънода очиқ фарқланиши, лексик дифференциация, дивергенция ҳодисаси содир бўлади. Натижада, бир сўз тилга қабул қилингандан кейин ҳам ўзидаги семантик ривожланишни тўхтатмай янги маъноларни ҳосил қилмоқда. Бу дивергенция баъзан маъно, баъзан эса услуб талаби билан юзага келади. Бирламчи араб сўзи “ғурбат” фақат битта, яъни “ватандан айрилиш” маъносини билдирса, ўзбек тилидаги кейинги ҳосилавий маъноларда умуман “ватан” маъноси учрамайди ва улар маҳаллийлашган, ситуатив зоҳир бўладиган ҳолат ва ҳаракатларни билдиради. Шунингдек, “ҳофиз” сўзининг араб тилидаги бирламчи маъноси қръонни ёд биладиган киши маъносини билдирса ўзбек тилига ўзлашиб, халқ ашулачиси, санъаткор маъноларини ифодалаган. Бу таҳлил шуни кўрсатадики, бирламчи ўзлаштирилган маъно аксарият ҳолларда умумий бўлган бўлса, кейинчалик шу сўзнинг ўзбек тилида қўлланилиши кўлами кенгайиб, хусусийлашув содир бўлган ва умумийлик бир неча хусусий ҳолларни билдириш томон силжиган.
4. Тилда икки сўз ҳам сақланади, лекин, улар бир-бири билан яқинлашиб, бир бутунга айланади (тўлиқ конвергенция ҳодисаси кузатилади) ва синонимик такрор ҳодисасини юзага келтиради. Масалан. озиқ-овқат, қурол-аслаҳа, соғ-саломат, темир-терсак.
Шунингдек, иккала компоненти ҳам араб тилидан ўзлаштирилган сўзлардан иборат лексик дублетлар мавжуд. Икки компонентнинг бири бирлик шакли билан, иккинчиси эса кўплик шакли билан ифодаланган. Масалан: вали-авлиё; лафз-силфоз; амир-умаро; руҳ-арвоҳ; сабаб-асбоб; сир-асрор; ҳолат-ахвол; жавхар-жавоҳир; камол-камолот; малак-малоика; шайх-машойих; маърифат-маориф; маҳсул-маҳсулот; мушкул-мушкулот; адаб-одоб; олим-уламо; фақир-фуқаро; хотир-хавотир; хаёл- хаёлот; ҳол-аҳвол; хулқ-аҳлоқ; ҳайвон-ҳайвонот; хақ-хуқуқ ва ҳ.к.
Тамоман ўзлашиб, сингиб кетган арабча сўзлар худди ўзбек тилининг ўз сўзларидек туюлади ва уларнинг этимологик жиҳатдан араб ўзагига алоқадор бўлган сўзлар экани сезилмайди.
Арабча сўзларнинг ўзбек тилига сингиши бу сўзларни лингвистик жиҳатдан ўзлаштириш билан боғлиқдир. Араб элиментлари ўзбек тилида унинг қонун-қоидаларига бўйсунади, унга мослашади [А.Ҳожиев, 1981: 121].
Ўзбек тилида компонентлар маъноси ўртасидаги фарқ бирлик-кўплик сонда эканлиги эмас, балки уларнинг маъносида ўзгаришлар содир бўлганидадир. Масалан, “маърифат” ва “маориф” сўзлари бутунлай бошқа-бошқа сўзлар, улар бир сўзнинг икки (бирлик-кўплик) шакли эмас; фақир ва фуқаро; сабаб ва асбоб сўзлари ҳам турлича сўзлардир.
Ўзбек тилида араб кўплик сондаги шакли бирлик маъносида ишлатилади ва зарур ҳолларда кўплик шакли –лар қўшимчаси билан ясалади. (фуқаролар, олимлар ва ҳ.к.).
Шуни таъкидлаш лозимки, лексик дублетларнинг тил, луғат таркибида пайдо бўлиши шу тилда сўзлашувчи халқ тарихида содир бўлган кўплаб ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг мантиқий натижаси оқибати сифатида намоён бўлади. Халқлар орасида интенсив мулоқотлар бу халқлар фойдаланадиган тиллар ўртасида бўладиган муносабатларни тақозо этади ва бунинг натижаси турлича бўлиши мумкин. Араб тилидан турли тарихий даврларда ўзбек тилига кириб келган сўзларнинг тақдири турличадир. Баъзи бирлари тил тафаккурига сингиб, тамомила ўзлашиб кетган, бошқалари эса, ўз навбатида, унга ўзлашиб кетмаган, тилда “омонат” сақлангандай сезилади. Бундай сўзларнинг ишлатилиш доираси борган сари торайиб, улар ўз ўринларини асли ўзбек сўзларига бўшатиб бермоқдалар.
Араб тилидан ўзбек тилига қабул қилинган “истиқбол” сўзининг бирламчи маъноси “учрашув, кутиб олиш, қарши олиш” эди. Кейинроқ бу сўзнинг бошқа маънолари ҳам ўзбек тилига кириб келди, натижада биз энди ўзбек тилида “истиқбол” сўзининг “келажак замон”, “келажак” маъноларида ҳам ишлатилишининг гувоҳи бўламиз. Бу ерда ҳам маъно кенгайиши содир бўлган. Масалан:
Сандал устига қора чароғ қўйиб, олдиға китоб ёзған Анвар Сафар бўзчининг истиқболиға қўзғалди [А.Қодирий, 1994: 133].
Истиқболида зулмат, ваҳму рихлат доғи бор [А. Мухтор, 2008: 10].
Араб тилидан ўзбек тилига кириб келган “баттол” сўзининг бирламчи маъноси “бераҳм, шафқатсиз, ваҳший” бўлган бўлса, кейинроқ бу сўзнинг маъносида бир оз юмшаш сезилган ва биз энди “ўтакетган ўжар, қайсар, терс” маъноларни топамиз. Масалан:
Шоир Оқжарнинг айрим шум, баттол одамларини мана шундай тасвир этган эди [Б.Қосимов, 2004: 62].
Қадимдан ўзбек тилига кириб қолган баъзи араб сўзлари ҳозирги ўзбек тилида қарама-қарши маънода ишлатилади.
“Басир”сўзи эски араб тилида бир хил маънода – “кўрувчи”, “кўзи соғ” маъносида ишлатилади. Аммо, ҳозирги ўзбек тилида эса “басир” сўзи бутунлай тескари маънода, аниқроғи “кўр, кўзи ожиз” маъносида ишлатилади. Масалан. Басир бўласан! (Кўр бўласан! маъносида).
Басир – (асл арабча луғавий маъноси ўткир кўзли, ўта зийрак) 2. кўр, сўқир. [ЎТИЛ 1-жилд, 2006: 174].
Шуни таъкидлаш жоизки, маъноси “кўрувчи, кўрадиган” бўлган сўз кейинчалик ўз маъносини бутунлай тескари томонга ўзгартирган ва “кўр, сўқир” маъносини англатмоқда.
“Зиё” сўзи “ёруғлик, шуъла” маъносида ишлатилган. Ўзбек тилида ҳам бу сўз шу маънода қўлланилади. Айрим ҳолатларда эса, маънони кучайтириш мақсадида “зим” префиксини олади. Пайдо бўлган “зим-зиё” сўзи икки маънода ишлатилади:
Йўқолиш, ғойиб бўлиш. Масалан: Қаёққа зим-зиё бўлиб кетдинг? [Ш.Ризо, 1986:24].
Қоронғи, зулмат, зим-зиё, ҳеч нарсани кўриб бўлмаяпти [Ҳ. Назир, 1981: 112].
Араб тилидан ўзлаштирилган “ожиз” сўзи аввал “ожиз, жисмоний жиҳатдан кучсиз, заиф” маъносини билдирган бўлса, кейин маъноси хусусийлашиб, кўзи ожиз одамга нисбатан ишлатиладиган бўлиб қолди. Масалан:
Рафиқаси Тожибиби касалланиб, икки кўзи ожиз бўлиб қолади [Б.Қосимов, 2004: 21].
Қулаҳмат! - Хуршиданинг йиғламсираган ожиз товуши яна эшитилди [А. Мухтор, 2008: 33].
Араб тилидаги “имзо” сўзи ўзбек тилига ўзлаштирилганда бирламчи маъноси “йўлламоқ, жўнатмоқ” эди. Кейинчалик бу маъно йўқолиб кетди ва ўзбек тилига бу сўз араб тилидан қайтадан янги, ҳозирги маъносида, яъни “бирор мактуб, ҳужжат ёки бошқа нарсанинг остига бирор кимсанинг ўзи томонидан ўз ихтиёри билан қўйиладиган белги, ёзув ёки исм”. Белги, яъни имзо, шахсни тасдиқловчи шартли белгиловчи ягона белги рамз, ёзув ҳисобланадики, у катта юридик қийматга эга. Масалан:
Йўқ, – деди муфтий – Биз ариза остиға имзо қўймаймиз, Калоншоҳ [А.Қодирий, 1994: 132].
Лекин, мақола Элмурод қўйган яширин имзо билан эмас, балки Асқаров деган бошқа бир имзо билан босилган эди [П. Турсун, 1992: 45].
Араб тилидан кириб келган “асар” сўзи ҳам мана шу каби мураккаб тақдирни ўз бошидан кечираётган сўзлардан ҳисобланади. Бу сўз бирламчи маъносида “асар, аломат, нишон, ... из, белги” маъноларида ўзбек тилига ўзлаштирилган эди. Аммо кейинроқ, бу сўз ўзбек тилига “бадиий асар” маъносида қайтадан кириб келди ва бу ерда махсуслашиш кузатилмоқда. Масалан:
Кетидан созловчи болалар ертўла эшигидан бир-бир чиқиб ҳар томонга тарқалдилар, кайфдан асар йўқ, ҳаммаси беҳафсала, қовоғи солиқ, гап-сўзсиз, бири тиш орасидан чирс этиб туфлаб, бири жаҳл билан ниманидир тепиб, жўнаб қолишди [А. Мухтор, 2008: 25].
Табиийки, чет сўз қабул қилувчи тил таъсири остида ўзининг айтилиши, ёзилиши, сўз ясаш хусусиятлари ва маъно бўёқдорлигини озми-кўпми ўзгартиради. Шу ўзгаришлар, чет сўзни қабул қилаётган тилнинг бевосита таъсири остида содир бўлганлиги сабабли, уни ўзлаштираётган тилга дахлдор ва уники (унинг ўзиники), балки унинг ўзгарган имлоси, ўзгарган талаффузи, янги сўз ясаш имконияти ва янги касб этган маъносигина ўзлашган бўлади. Ваҳоланки, чет сўзнинг бу янги хусусиятлари уни ўзлаштираётган тилнинг маҳсулидир. Шунинг учун тилда ўзлашма терминининг қўлланилиши, чет сўзнинг у кириб келган тил таъсири остида юзага келган янги сифат ва белгиларига, янги маъноларига алоқадор бўлиши керак. Чет сўзнинг ўзига нисбатан, айниқса, у қабул қилиниш жараёнида бирон-бир ўзгаришга учрамаган бўлса ёки учрамаса, энди уни ўзлашди, бизникига айланди, деб бўлмайди. У фақат ўзи кириб келган тилдаги аввалдан қўлланилиб келаётган чет сўзлар қатламидан ўрин олган бўлади, холос. Зеро, у айнан ўзлаштирилмайди, балки қабул қилинади ёки кириб келади.
Демак, “ўзлаштириш ҳодисаси, асосан, сўз ўзлаштиришдан иборат” эмас, балки чет сўзларнинг имло ва талаффузи, сўз ясаш хусусиятлари ва маъноларини ўзлаштиришдир.
Адабиётлар:
Юсупов О. Формирование лексических дублетов на узбекском языке и анализ лексических дублетов на арабском языке. В данной статье рассматриваются вопросы, связанные с терминов лексические и этимологические дублеты, их формирование и этапы развития дувлетов в узбекском языке. Исследование основано на сравнительно-аналитические методы с использованием ряда примеров лексических дублетов, заимствованных в узбекском языке из арабского языка. Данные были собраны из научной, классической литературы и литературе двадцатого века узбекскими авторами.
Yusupov O. Formation of lexical doublets in Uzbek and analysis of lexical doublets in Arabic. This article aims at investigating the term lexical and etimological doublets, their formation and development stages of douvlets in the Uzbek language. The study is based on a comparative and analytical methods with a range of examples of lexical doublets derived into Uzbek from the Arabic language. The data have been collected from scintific, classic literature and the literature of the twentieth century by Uzbek authors.