ЗУЛФИЯ ИЖОДИГА АДАБИЙ ТАЪСИРНИНГ САМАРАЛАРИ

Умурова Гўзал Хотамовна,

СамДЧТИ катта ўқитувчиси, филология фанлари номзоди

Калит сўзлар: Адабий таъсир, бадиий маҳорат, лирик кечинма, методология, адабий мерос, интертекстуаллик.

Зулфия ижодида адабий таъсирнинг роли масаласига ойдинлик киритишга уринар эканмиз, биз ўрни-ўрни билан таҳлилнинг ҳам контекстуал, ҳам имманент кўринишларидан фойдаланамиз.

Академик Б.Назаров “Адабий таъсир ва типологик яқинликни ўрганишнинг айрим методологик масалаларига доир” мақоласида адабий таъсирга қуйидагича таъриф беради: “Адабий таъсир қўшни, ёндош, замон ва макон масаласида ички ҳамда турлича манзил ва олисликдаги адабиётлардан ўрганиш асосидаги такомиллашув манбаи, жараёни ва ҳосиласи” [2,6]. Демак, ҳар қандай миллий адабиёт ўз қобиғи атрофида тўла-тўкис ривожлана олмайди, бунинг учун ташқи адабий таъсир, ўзаро яқинлик зарур бўлади. Ўзбек шеърияти ўтган аср бошларида аруздан бармоқ томон силжиган экан, бу ўзгаришлар ҳам адабий алоқалар ва унинг таъсирида кечганига шубҳа йўқ. Айни шу даврда яшаб ижод қилишни бошлаган, шу адабий муҳитдан нафас олган Зулфия ижодида адабий таъсир, ижодий ўрганиш, ўзлаштириш жараёни қандай кечди?

Бу саволга шоиранинг шеъриятдаги илк қадамлари ҳақидаги сўзларидан жавоб топамиз: “30-йилларда Лермонтов, Некрасов, Пушкин, Фет, Тютчев шеърларини биринчи марта рус тилида ўқиб чиқдим ва шоир учун муҳими фақат нимани айтишгина эмас, қандай айтиш ҳам эканлигини англаб етдим... Менинг шеърларимнинг шаклланишида, керакли, ягона сўзни излаб топиш тажрибасида бу ишнинг машаққатини яхши биладиган, чинакам катта шоир Ҳамид Олимжоннинг хизмати улкан бўлди...” (“Камалак”, 128-б.)

Кўринадики, ўзбек мумтоз адабиёти намуналари билан танишиб чиққанидан сўнг, шоирада бошқа халқларнинг адабий меросига қизиқиш, улардаги илғор тажрибалардан ўрганиш эҳтиёжи пайдо бўлган. Бу эҳтиёж кун сайин кучая борганидан у рус тилини чуқурроқ ўрганишга ва улуғ шоирларнинг асарлари билан яқиндан танишишга қарор қилади. Шу ўринда, адабий таъсирнинг ўзига хос кўриниши – бир-бирига кўнгил қўйган икки ижодкор ўртасидаги мулоқот, ижодий ўзлаштириш ҳақида ҳам эслаб ўтиш зарурдек: “1937 йилда иккинчи китобим – “Қизлар қўшиғи” босилиб чиқди, лекин бу китоб ҳам шеъриятдаги ақалли ибтидоий камолотнинг, чинакам маҳоратнинг бўсағаси бўлолмади. Энди ёзмасдан тура олмайдиган бўлиб қолган эдим, шекилли – китоб чиқариш гашти ҳар нарсадан кучли-да, – лекин нима ҳақида ёзаримни ҳали астойдил билмасдим, шунинг учун буни қандай қилиш кераклигини тушуна олмас эдим. Иккинчи китобни ёзаётганимда бир куни Ҳамид Олимжондан шундай деб сўраганим эсимда: “Нима учун илк ёзган шеърнинг ҳеч поёни бўлмайди? Қайси бандда тўхтатмайин, яна давом эттирса бўлаверади-я!” У кулиб туриб, бундай деган эди: “Чунки ҳар бир шеърингизда бира тўла ҳамма гапни айтиб олмоқчи бўласиз, ваҳоланки, бундай қилиш ярамайди. Кейин, биласизми, шеърни охиридан бошлаб ёзиш керак…” Унинг маслаҳати нақадар нозик ва аниқлигини, кейинчалик, ўзимда назмхонлик қилиш эмас, балки бирон муҳим ва юрагимда тугилиб қолган фикрни баён қилиш зарурати етилгач, тушундим...

Мен энди шеърларга ўз руҳий тарихимнинг бир парчасини жойлаштира бошладим, бу парчанинг ўз тугуни, кульминацияси ва ечими бор эди. Энди ёзмоқ учун, Лев Толстой айтганидек, дастлаб газнинг учини учига улаб олишим керак эди. Шеърни бошлаб қўйиб, охирини топмагунимча, уни давом эттира олмас эдим. Эндиликда қаёққа қараб кетаётганлигимни билганимдан йўлнинг энг қисқасини излаб топиб олардим, натижада шеърларим кўнгилдагидай бўла бошлади”(“Камалак”, 145-б).

Зулфия рус шоирларидан А.Пушкинни, Н.Некрасовни алоҳида бир меҳру муҳаббат билан севганини мақола ва суҳбатларида тез-тез эсга олади. Улуғ шоирларнинг ўз руҳиятига яқин кўплаб асарларини ўзбек тилида жаранглатиш бобида ҳам шоира кўп заҳматлар чеккан. Зулфиянинг бу шоирларга бунчалик эътиқод қўйишининг боиси улар ижодидаги инсонийлик, поклик, маънавий жасорат, бурч ва садоқат каби фазилатларнинг юксак пардаларда куйлангани бўлса, ажаб эмас: “Классик шоирларнинг кишига таъсир этадиган ажойиб кучи ва киши билмас сири бор, чоғи. Масалан, Сиз Пушкиннинг “Тунги туман ухлар Грузия тепалигида” мисрасини олинг. Оддий, жуда оддий сўзлар. Лекин, бу ерда, бу сўзларнинг замирида қанча шеърият ва теран маъно бор. Бу манзарани, табиатдаги кайфиятни ёлғиз худди шундай сўзлар билан, фақат шундай иборалар билангина ифода этиш мумкиндай гўё. Бу ерда гўё ҳамма нарса аниқ тўла айтилган, содда, чуқур ва жонли.

Пушкин шеъриятининг қудрати, назаримда шундаки, Сиз ўзингиз учун энг оғир дақиқаларда ўқисангиз ҳам, Сизни бутун бир бошқа дунёга олиб чиқади. Сизни гуё баҳор эркалаб ўтади. Дилингизни рутубатлардан тозалайди. Бу Пушкин шеъриятининг ҳар бир дилни куйлашга чорловчи фусункор наъмаси, сўзларда парча-парча бўлиб яшаб қолган шоир юрагининг оташлари!

Улкан шоир Пушкин дунёга келган замон билан бизнинг ўртамизда юз йиллар ястаниб ётибди. Қанча шоирлар келиб-кетмади. Кимлар қолди, кимлар қолмади. Зеро, замон ғалвири шундай шаддод, адолатлики, ёлғиз ҳақиқатгина унинг ҳаётий синовларига тоб бериб қола олади. Пушкин ана шундай яққол ҳақиқат, Пушкин ижоди – замонлар ўтган сари заминда кенгроқ ёйилиб, тўлиб оқаётган ҳақиқат дарёси. Замондан замонга буюклиги билан тобора донг таратаётган ўлмас шоир – Пушкин!” (“Камалак”, 197-б.)

Дарҳақиқат, Пушкин даҳоси илгари сурган умумбашарий ғоялар асрлар оша кўплаб халқларнинг миллий шеъриятида акс-садосини бермоқда. Унинг шеърларида гавдаланган қаҳрамонларнинг эзгу ўй-ниятлари, самимий ҳис-туйғулари кўплаб шоирларни қўлга қалам олишга ундаши турган гап. Улуғ санъаткорларнинг дунёни идрок қилиш ва тасвирлаш усуллари шу қадар ёрқин бўладики, бошқалар ҳам беихтиёр уларга эргашиб, шу йўсинда шеър ёза бошлаганини билмай қоладилар. Бироқ асл санъаткорлар буюкларни такрорламайдилар, улардан таъсирланиб, янги санъат намунасини дунёга келтирадилар. Бунга Зулфиянинг “...йиллар ўтган сайин ўз-ўзингга талабчанлигинг ошиб боради. Тажрибанг қанча кўпайса, бировларнинг эски ё янги шеърлари билан қанча кўп танишсанг, бирон чинакам гап топиб айтишинг нақадар зарурлигини шунча яққол ҳис қиласан”, деган сўзлари мисол бўла олади.

Адабиётшунос Улуғбек Ҳамдам замонавий адабиёт илмидаги “муаллиф ўлими”, “интертекстуаллик” тушунчалари ҳақидаги қарашларини баён қилар экан, тақлид, таъсир, атайинлик, ижодий таъсирланиш каби ҳодисаларнинг ҳар бирига алоҳида тўхталади. Айниқса, унинг “интертекстуаллик” тушунчасига берган изоҳи асосли бўлиб, ижодий таъсир масаласини бир қадар ойдинлаштиришга кўмаклашади: “...Инсон боласи дунёга келиши билан атрофга ўрганишга мойил кўзларию қулоқларини тикади. Унинг билими оламдан ва одамдан келади. Шаклланиши мобайнида сўз, гап, гап конструкциялари, матн... буларнинг барини у ташқаридан, жамиятдан, одамлардан ўрганади. Ранглару товушларни ҳам худди шундай, тап-тайёр ҳолда қабул қилади. Бошқача айтганда, саналганларнинг ҳаммаси – бир қолип. Инсон ҳар қандай фикрни ана шу қолиплару шакллар ёрдамида ифода қилади. Шунинг ўзиёқ инсон томонидан яратилган ҳар қандай ижод намунаси мутлақ аслият эмаслигига далил. Бинобарин, ёзувчи асари ҳақиқатан ҳам интерматн, яъни матнлар ичида матндир”[4, 128].

Энди реминисценция ва интертекстуаллик терминлари англатадиган маънолар мағзини чақиб кўришга ҳаракат қиламиз. Бадиий матнда ўзидан аввалги адабий маълумотларга; алоҳида бадиий асар ёки асарлар гуруҳига ҳавола қилиш, илгариги асарларни эслатиш реминисценция термини билан изоҳланади. Бошқача айтганда, реминисценция – адабиётдаги адабиётлар образларидир. Унинг энг кўп тарқалган тури аниқ ёки ноаниқ, “қўштирноққа олинган” ёки тагмаъно орқали англашиладиган яширин парчадир. Реминисценциялар муаллиф томонидан асарга онгли тарзда ва бирор мақсадни кўзлаб киритилиши ёки унинг иродасидан ташқари, беихтиёр кириб қолиши (хотирланиши) ҳам мумкин.

Парча ҳолидаги реминисценциялар муаллифники бўлмаган нутқнинг алоҳида кўринишларидан ҳисобланади. Улар ижодкорнинг ўз салафлари қарашларини қабул қилиши ва маъқуллашини ёки аксинча, илгари яратилган матнга ўхшатма қилиш асносида баҳслашиш ниятида эканлигини билдиради: “...парча келтиришлар қанчалик хилма-хил бўлмасин, ҳар хил ва аксар бир-бирига ўхшамаган “овозлар” шундай контекстда тажассум топадики, ундаги ўзгалар сўзи орқали муаллиф фикри (унинг ўзга фикрни маъқуллаши ёки рад этиши) англашилади” [1,71]. Бунга шоиранинг “Пушкинга” шеърида Навоийдан келтирилган парчани мисол келтириш мумкин:

Навоий демишки:

“Шеър – дил ҳамроҳи”.

Бугун юлдуздан кўп Сиз ҳамроҳ диллар.

Қани эшитсангиз, қай жаранг, оҳанг

Ўқир ўз тилида Сизни не эллар! (“Тонг билан шом аро”, 76-б.)

Айни пайтда, реминисценциялар соҳаси ўзгалар асаридан парча-кўчирмалар келтиришдан кўра анча кенгроқ. Зулфиянинг баъзи шеърларида устоз ёки замондош ижодкорларнинг асарлари эслаб ўтилади, бу асарларни яратган шоирлар даҳосига эҳтиром – муносабат сезилиб туради. Мисол учун, Ойбек ҳақидаги “Қуёшли қалам” достонида улуғ шоир ёзган асарларга ҳавола қилинади, реминисценциянинг ўзгача бир кўриниши бўй кўрсатади:

Қизча – Ҳурилиқо сеҳрлангандай.

Кўзин узмай турар шоир юзидан,

“Ким эди бу яқин таниш, бузруквор?”

Фикрин қийнаганин уқиб кўзидан,

– Бу Ойбек домла-ку! – дейман сервиқор.

Кўзи офтоб чўккан чуқур чашмадай

Тиниқ учқун билан ёниб кетади.

Дўлти лабда кулгу соф карашмадай

Энтикиб шодлигин баён этади:

“Қутлуғ қон”,

“Навоий...

“Қизлар” достони...

Ҳаммасини ёзган домлами чиндан?

Нигоҳ-ла эркалаб Ҳурилиқони,

Адиб ўй суради ё ёзар зимдан (“Тонг билан шом аро”, 156-б.).

Шеъриятда бошқа санъатларнинг реал ҳаётда мавжуд ёки тўқима орқали ўйланган намуналари ҳам адабий реминисценциялар кўринишида учраши мумкин. Бунга шоиранинг рассом Чингиз Аҳмаровга атаб ёзган шеърини мисол келтириш мумкин. Зулфия рассом мўйқаламининг кучи билан қайта тирилган аждодларимиз сиймоси олдида ҳайратдан лол қотади, суратда тасвирланган образлар парча-парча ҳолида шеърга кўчади, томошабин-китобхон рассомлик санъатининг нозик сирлари билан таниша бошлайди.

Шоирлар ижодида, жумладан, йирик шоирларда ҳам, турли-туман манбалардан олинган кўплаб реминисцециялар учрайди. Зулфия асарлари – унинг лирикаси, достонлари миллий ва хорижий адабиётларга ҳар турли ҳаволалар билан лиқ тўла. Уларда Навоий, Бобур, Зебунисо, Байрон, Шекспир, Пушкин, Некрасов, Цветаева, Миртемир, Ҳ.Олимжон, Ойбек ва бошқа кўплаб санъаткорларнинг ёрқин сиймолари қад кўтарган. Турфа хил реминисценцияларда шоиранинг ўзидан аввалги ва замондош ижодкорлар санъатини юксак эҳтиром билан қабул қилиши ҳам, улар билан ижодий баҳслашишлари ҳам, айрим стереотипларни хушламаслиги ҳам билиниб туради.

Адабий таъсир, ўзаро ижодий ҳамкорлик ҳақида гап кетар экан, аввало Зулфиянинг ҳассос шоира бўлиб шаклланишида алоҳида из қолдирган Ҳамид Олимжонни эслаш жоиздир. Зулфия шоир билан бирга кечган бахтиёр йилларда ҳар қандай истеъдод доимий меҳнат туфайли чархланиб бориши, ҳақиқий санъаткор буюк меҳнат интизомига эга бўлиши лозимлигини кўрди. Ҳамид Олимжон ҳар қандай шароитда ҳам эрта билан соат 6 дан 11 га кадар уйда ижод билан шуғулланар, сўнг ҳали сиёҳи қуримаган асарини овоз чиқариб ўқир ва унинг қандай жаранглашини текшириб кўрар эди.

Зулфия ўзининг ҳар бир шеърини унинг назаридан ўтказар, аммо Ҳамид Олимжон бу шеърларга қалам урмас, балки улардаги кучли ва кучсиз сатрларини кўрсатар, тушунтирар эди. Зулфия Ҳамид Олимжон билан бўлган шундай суҳбатлардан кейин шеър ёзган, шеърлари босилиб чиққан ҳар қандай киши ҳам шоир бўла олмаслигини, шоир бўлиш учун эса дунёни ўзгача кўриш ва идрок этиш зарурлигини тушунди.

Улкан шоир, нодир инсоний фазилатлар соҳиби Ҳамид Олимжон Зулфияга, ҳамма нарсада ўрнак бўлди. Зулфия ундан фикрлаш, меҳнат қилиш ва шеър ёзишни ҳам, дўстларга меҳрибон, душманга эса шафқатсиз бўлишни ҳам ўрганди, унинг ижод мактабида таълим олди. Ҳамид Олимжон шу маънода Зулфия қалбига уйғун ҳамроҳ ва сезгир маслаҳатчи бўлди. Қалбида шеърият булоғи кўз очаётган ёш шоира Ҳамид Олимжондан шеърни қандай ёзиш сирларини қунт билан ўрганди.

“Мен ўша пайтларда: “Столга ўтирди дегунча ёзаверади. Қайдан бу куч, илҳом?” деб таажжубланардим. Энди билсам, жаҳон, рус ва ўзбек мумтоз, замонавий адабиётини ўқиш, ўқибгина қолмай, уларни таҳлил қилиш, фикрларини ён дафтарига ёзиб қўйиш, халқ оғзаки ижоди билан астойдил шуғулланиш – бу машғулотларнинг бари шоир ижоди учун доимий озиқ бўлиб турган экан. Ҳамид Олимжон шунча ишлар орасида менга ҳам астойдил ёрдам берар эди. Ёшман, баъзан менга сонсиз китоблар, қоғозлар ичида кўмилиб ўтириш ёқимли туюлмасди. Бундай пайтларда у мени илҳомлантириш йўлларини топарди. Эсимда, бир гал Самарқанд сафаридан ўзи билан Раъно Узоқованинг шеърларини олиб келди. Таъсирчан жойларини ўша кечадаёқ ўқиб берди. Сўнг: “Кўряпсизми, аёлларимиз қандай ёза олади? Фақат жасорат, ирода керак, – деди-да, секингина қўшиб қўйди. – Биласизми, сиз яхшироқ ёза оласиз! Бу суҳбат менга катта туртки бўлди”.

Зулфия Ҳамид Олимжон таъсирида ўзбек, жаҳон ва рус мумтоз шоирларининг шеърларини мутолаа қилди. Уни, хусусан, Пушкин, Тютчев, Фетнинг мусиқий равон мисралари, айниқса, ром этди. У, марҳум адабиётшунос Адҳам Акбаровнинг гувоҳлик беришича, Афанасий Фетнинг “Салом билан келдим сенинг ёнингга…” шеърини ўқиш билан эрта тонгда севимли ёрини уйғотадиган бўлди. Ўша кунларда Зулфия қуёшнинг илк нурлари билан турибоқ Фетнинг ушбу сеҳрли мисраларини рус тилида баланд овоз билан ўқир ва унинг қўнғироқдек янгроқ ва ёқимли овози дилнавоз тонг отганлигини англатар эди.

Я пришел к тебе с приветом,

Рассказать, что солнце встало,

Что оно горячим светом

По листам затрепетало.

Рассказать, что с той же страстью,

Как вчера я пришел снова.

Что душа все так же счастью

И тебе служить готова…

Бу мисралар гарчанд Фет қаламига мансуб эса-да, улар Зулфия қалбининг ўша кезлардаги замзамалари, жилвалари, тебранишларини ифода этар ва унинг қалб овозидек янграр эди. Эътибор беринг-а:

Ёнингга мен келдим салом-ла,

Айтиш учун офтоб кулганин,

Меҳр тўла илиқ нури-ла

Баргчаларга зардек қўнганин.

Кечагидек айтгани келдим,

Ҳокимлигин дилда эҳтирос.

Бутун қалбим бахт билан сенга

Хизмат қилай дегани ҳам рост… (Таржима бизники – Г.У.)

Барча бахтиёр кишилар бир-бирларига ўхшайдилар. Бахтиёр инсон дилнавоз ошиқ ёки маъшуқага ўз қалбининг биллур туйғуларини нисор этади. Зулфия ҳам, Ҳамид Олимжон ҳам ўша чароғон йилларда қалб қўрини, меҳр-муҳаббат тафтини бир-бирларидан сира фориғ тутмадилар. Бу оила икки шоирнинг ўзаро ҳурмат ва муҳаббатга асосланган эркин иттифоқи эди.

Шу даврда Зулфия ижоди баҳор чоғларидаги чўққилардан эндигина пайдо бўлаётган кичик бир жилға эди. Кунлар, ойлар ва йиллар ўтиб бу жилға улкан дарёга айланди, ўзанларидан тошиб, мавжланиб оқди.

Адабиётлар:

  1. Левин Ю.И., Сегал Д.М., Тименчик Р.Д., Топоров В.Н., Цивьян Т.В. Русская семантическая поэтика как потенциальная культурная парадигма // Russian literature. 1974. № 7/8. – P. 71.

  2. Назаров Б. Адабий таъсир ва типологик яқинликни ўрганишнинг айрим методологик масалаларига доир. // Ўзбек адабиёти қиёсий адабиётшунослик аспектида: таъсир ва типология (республика илмий-назарий конференцияси материаллари). – Тошкент: “Muharrir nashriyoti”, 2013. – Б. 6.

  3. Зулфия. Асарлар. Камалак. 3-жилд. – Т.: Fафур Fулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1986.

  4. Ҳамдам У. “Муаллиф ўлими”га сиз ҳам овоз берасизми (ёки асл ижод соғинчи)? // Шарқ юлдузи, № 1, 2014. – Б. 128.

 

Умурова Г. Результаты художественного воздействия на творчетсов Зульфии. В данной статье речь идёт о художественном воздействие и его положительных результатов. Значение и роль художественного воздействия в творчестве Зульфии освещается на анализах её стихотворений.

Umurova G. The results of literary influenсe on Zulfiya’s poetry. This artiсle disсusses the literary influenсe and its positive results. The role of literary influenсe is proved on the material of Zulfiya’s works and by analyzing poetess’s poems.

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati