Умурова Гўзал Хотамовна,
СамДЧТИ катта ўқитувчиси ф.ф.н.
Калит сўзлар: лирика, лирик кечинма, лирик қаҳрамон, бадиий маҳорат, поэтик тафаккур, семантик такрор, ишора, мимика, ирода, идрок.
Умурова Г. Описание чувств в лирике Зульфии. Этa статья рассматривает образы, которые возникли в результате соединения внутренней и внешней действительности и их воплощение в виде предметов, которые анализируются с семантической точки зрения в лирике поэзии известной поэтессы Зульфии и в то же время описывается их двусторонность, то есть раскрывается их объект, как внешний мир с одной стороны, а с другой стороны анализируется разум, воспринимающий этот процесс .
Umurova G. Description of feelings in Zulfiya’s lyrics. This article reveals a poetic image formed as a result of accumulation of external and internal appearances of the existence, and that an images in the lyrical poetry are semantically two-dimensional, while from one side as object they represent external world, from another side the mind which assimilates all it were portrayed in Zulfiya's poetry.
Зулфия ҳақида ёзганларнинг деярли барчаси унинг ҳисларни бавосита – “нарса-ҳодисалар олами” орқали ифодалаш характери ҳақида қайд этишади. Бошқалардан фарқли тарзда, Зулфия нарсаларни уларнинг бошдан кечирилаётган лаҳзалар билан тушунарсиз боғлиқлигида тушуниш ва севиш лаёқатига эга.
Ҳар қандай руҳий ҳолат, ҳар қайси кайфият Зулфия шеърларида ташқи дунёнинг унга мос ҳодисаси билан белгиланади. Муаллиф нарса-ҳодисалар, буюмлар гапирганидан ортиқча гапирмайди, ҳеч нарсани китобхонга тиқиштирмайди, ўз номидан шарҳламайди. Унинг сўзлари атайлаб зоҳирий, босиқ ва бетараф жаранглайди. Аммо қалбдаги улкан тўлғониш онлари хотирада қоладиган шароит ва вазиятнинг майда штрихларигача эсга туширади. Нарса-ҳодисаларнинг образлари семантик қўшалоқлик касб этади: баъзан улар худди ҳодисаларнинг ўзи ҳақида тасаввур уйғотса, баъзида нарса-ҳодисалар билан лирик қаҳрамонни тўлқинлантираётган туйғулар ўртасидаги интим-рамзий алоқа гавдаланади. Лирик кечинма ўзига янги ифода топади, нарса-буюмлар, ҳодисалар билан алоқага киришиб, сюжетда зичлашади. Нарса-ҳодисалар шоира лирик стихиясининг вакилларига айланади.
Қалб ҳаракати унда сўз, ишора, мимика, қилиқ-муомала орқали фақат ташқида ифодаланганидек мақом олади. Ташқи дунё унинг лирик тафаккурида ички дунёнинг ўзига хос белгиси сифатида келади, аммо шу билан бирга ўзининг мустақиллигини йўқотмайди.
Нарса-ҳодиса ва табиат реалиялари Зулфия шеърларида икки маънода ўқилиши мумкин – улар ўз-ўзи ҳақида ҳам гапиришлари ёки лирик қаҳрамоннинг билвосита тавба-истиғфори учун восита бўлиб хизмат қилишлари мумкин. Реал дунё образлари субъект кечинмаларини атроф-дунё ва унинг идроки ўхшаш бўлгандагина шундай ифодалай олади. Зулфия бадиий тизимида реаллик ва онгнинг ўзаро муносабат механизми айнан шундай кечади.
Объект ва унинг субъектив идрок қилиниши феноменологик таълимотдан озиқ олади. Унга кўра, “предметлар олами онгга нисбатан имманент; у онгга тааллуқли эканлиги туфайлигина ўзининг объектив мазмунини топади”1.
Э.Гуссерлга кўра, бизнинг онгимиз ўз-ўзича мавжуд предметлар билан эмас, балки феноменлар, яъни “буюмларнинг онгдаги кечинмалар оқимида ўзини намоён қилиши ва тайин этиши” билан иш кўради2. Бу шуни англатадики, феномен сифатида намоён бўладиган предметлар, онгимизда биз уларга қанчалик қадр-қиммат белгиласак, шунчалик аҳамият касб этади. Айни шу жиҳат Зулфия томонидан, авваламбор, интуитив равишда ҳис қилинади. Шоира лирик онгининг мазмунини атрофдаги реаллик образлари ташкил этади, дунёсининг моҳиятини эса – нарсаларни уларнинг идрок қилиниш оқимида илғаш ташкил қилади. У ўз диққатини ҳиссий рефлексияга эмас, балки ўзини ўраб олган муҳитнинг онг томонидан қабул қилинишига қаратади. Аммо дунё Зулфия шеърларида идрокловчи онгдан айро эмас. Шунинг учун ҳам реаллик картинаси доимо иккига бўлинади: ўз-ўзича муҳим ташқи дунё реалиялари бир вақтнинг ўзида лирик қаҳрамоннинг руҳий ҳолатидан ҳикоя қилади.
Қандай қилиб шоира бундай эффектга эришади? Зулфия табиат картиналарини суверен тасвирлаш усулига мурожаат қилади. Нарса-буюмлар шундай кўрсатиладики, уларни сенсорли қабул қилиш (кўз орқали кўриш) кўпинча “кадр ортида” қолади:
Оқшом эди, ойдин кўприкда
Барно қизу йигит турарди,
Ойни кутган оқшомги кўкда
Бешик-бешик булут юрарди.
Булутларнинг ёриб қучоғин,
Ой кўрсатди олмос юзини.
Мағрур ташлаб ерга нигоҳин,
Тинглаб қолди йигит сўзини. (3-б.)
Натижада нарса-ҳодисалар образи (“бешик-бешик булут”, “ерга мағрур нигоҳ ташлаётган олмос ой”) шеър фазосида йириклашади, олдинги планга чиқади, нафақат пейзаж элементи, балки ўз-ўзича муҳим аҳамият касб этадиган феномен сифатида гавдаланади, “ой ел сари майин сузади”, “оқшом оғушига нур тўлиб”, “тонг кулгандай бўлади”. Бу образларнинг барчаси шеърда мустақил яшай бошлайди.
Бунга эришиш учун шоира туйғуларни майда тафсилотларигача ишлаб чиқади, дунёни товушлар, ҳидлар, ранглар, нафис шакллар уйғунлигида тасвирлашнинг ўзига хос – “стереоскопик принципи”га амал қилади. Дунёни тантанавор-хушҳол қабул қилиш, унинг предметлик табиатини тасвирлаш, турмуш ва объектив борлиқни эстетик жиҳатдан тенглаштириш Зулфия ижодида тўлиқ ифодасини топади. Айтиш жоизки, шоира поэтик мактабининг деярли барча вакиллари ижодида шеър яратишнинг айни шу манерасини кўришимиз мумкин.
Айни пайтда, қайд этиб ўтилганидек, реал дунё образлари лирик қаҳрамон қалбининг тузилишидан дарак беради. Шоиранинг нарса-ҳодисаларни бадиий гавдалантиришдаги ўзига хослиги шунда кўринадики, лирик субъективлик қанчалик ёрқин ифодаланган бўлса, улар шунчалик ҳаётийроқ, табиийроқ кўриниш олади. Ўй-кечинмалар таранглиги Зулфияда баъзан шунақанги оташ ва ёруғлик бера оладики, улар қайноғидан инсон ички олами ташқи дунё билан бирикади ва пишиб, тошқолга айланади.
Аёнки, ташқи реалияларнинг ҳар қандай лирик тасвирида тагмаъно орқали муаллифнинг эмоционал баҳоси сезилиб туради. Бироқ Зулфияда – борлиқнинг ташқи ва ички кўринишлари бирикиши натижасида – нарса-буюмларнинг образлари семантик жиҳатдан икки планли, икки йўналишли бўлиб гавдаланади. Бир томондан, улар объект, ташқи дунёни ифодаласа, бошқа томондан – уни қабул қилаётган лирик онгни характерлайди. Қачонки Зулфия:
Севмай қўйдим тунни,
Севмайман тунни.
Бутун вужуд бўлиб кунни кутаман.
Нафис, шафтолининг гулидай нурли Шаффоф нафасига юзим тутаман3
деса, китобхон кўз ўнгида табиатнинг муайян нафис картинаси жонланади. Бундай эффектга образнинг кучли ҳис-ҳаяжон ифодалайдиган айричалиги, унинг таркибига субъектив модаллик унсурларининг (“Бутун вужуд бўлиб”) сингдириб юборилганлиги, семантик такрорлар (“шафтолининг… шаффоф нафаси”) орқали эришилади. Аммо образнинг худди шу эмфатик қабариқлиги (кучли ҳис-ҳаяжонни ифодалаши), сўзлар ифодасининг экспрессивлиги лирик қаҳрамон ичидаги танглик ҳақида, уни исканжага олган изтироблар ҳақида таассурот уйғотади. Унинг қалб ҳолати нарса (шафтоли гули) образига кавшарланади, қалайланади. Пировардида, предметли маънога эга сўз уларнинг семантик ва эмоционал майдонларини кенгайтирувчи қўшимча маъно орттиради.
Қатъиян айтганда, руҳий кечинмаларни гавдалантиришнинг Зулфияга хос йўсинининг моҳияти – ҳар қайси кечинмага бирор нарсадан мувофиқлик излаш эмас, балки идрок қилаётган онг ҳаракатларини моделлаштиришдир. Унинг новаторлик тамойиллари шоиранинг шу пайтгача лирик тадқиқ объекти бўлмаган феноменларни шеърда акс эттирганлиги билан белгиланади. У кечинманинг пайдо бўлиши ва кечиши механизмларига боғлиқ ҳолда бизнинг онгимизда юз берадиган жараёнларга ўз эътиборини қаратди. Шу боис Зулфия учун онгнинг алоҳида ўзига хос хусусияти – объектга йўналганлиги бадиий долзарблик касб этди.
Психологияда “идрок” тушунчаси реаллик образларининг онгимиздаги яхлит (ҳислардан холи) акси сифатида талқин қилинади. Идрок, ўзлаштириш жараёни танланувчан ва баҳоланувчан. Объектив реалликдаги эмоционал аҳамият касб этадиган нарсаларгина онгни ўзига жалб этади. Худди шу жиҳат Зулфия томонидан биринчи навбатда эътиборга олинади. Унинг тушунчасига кўра, кечинма образини бериш учун туйғунинг ўзини тавсифлаш шарт эмас, руҳий изтироблар чоғи онгда муҳрланадиган реалияларни баён қилиш ва истак-майлларимизнинг ташқидаги инъикосини қайд этишнинг ўзи етарли.
Ижодкор дунёси адабий жараён ривожи асносида турли-туман бадиий усул ва йўсинлар билан бойиб борадиган алоҳида тизимга айланиб боради. Шу маънода, Зулфияхоним шахсиятидаги барча қирралар борлиғича асарларига кўчганлигини таъкидлаш ўринли. Шоира Светлана Сомова: “Зулфияда ўзбек халқининг бутун назокати, эзгу феъли жамулжам”, деб таърифлайди.
Маълумки, Шарқда қадимдан устоз-шогирдлик анъаналари сақланиб келинади. Бизда азалдан уста санъаткорлар ўз маҳорат сирларини, санъатга фидойилик ҳисларини ўз шогирдларига ўргатиб қолдирганлар. Зулфияхоним, ҳам онгли равишда, ҳам қалбидаги сахийлиги, самимийлиги, оғир дақиқаларда ёрдам қўлини узатишга тайёрлиги, аёлпарварлиги устун келгани туфайли Ҳ.Худойбердиева, Ойдин Ҳожиева, Қутлибека Раҳимбоева, Муҳтарама Улуғова каби бутун бир истеъдодли ўзбек шоиралари авлодини улғайтирди, ҳаётида ва ижодида ёрдам кўрсатди. Ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкинки, уларнинг ҳар бирида Зулфия қалбининг оташи ва руҳий поклигининг бир қисми яшайди.
“Ҳозир бу шоиралар менинг ўз жонажон сингилларим, қизларимдай бўлиб кетган. Албатта, уларга талабчанлигим заррача сусайгани йўқ. Ютуқларидан ғурурланаман, камчиликларини кўрсатаман. Менинг бу “қизчаларим” фақат яхши шоира бўлибгина қолмай, Шарқимизнинг мағрур, ажойиб, ҳавас қилса арзигулик қизлари бўлишини хоҳлайман.
Мен кўрмаганни улар кўришсин. Дунё ва гўзаллик ҳақида мен айтиб улгурмаган гапларни улар айтишсин. Турган гап, чиндан ҳам уларда қалбимнинг, қувончимнинг, сўзларимнинг бир қисми узоқ яшашига ишонгим келади”4.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Зулфия ўзбек адабиётида янги саҳифа очиб, кўплаб шоираларни ўз изидан эргаштирди. Унинг шеърияти тамомила ўзига хос ҳодиса бўлиб, унга ҳавас қилган, ортидан эргашган шоиралар ижоди ҳақида бемалол Зулфия мактаби давомчилари дея гапириш мумкин.
Атоқли мунаққидларимиз ва етук адабиётшуносларимиз томонидан Зулфиянинг бутун бошли мактаб йўлбошчиси деган унвонга лойиқ кўрилиши бежиз эмас. Ўзбек бадиий-эстетик тафаккури шоира шеъриятининг оригиналлигини ва бетакрорлигини ҳис қилгачгина шундай қарорга келди. Турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлар экан, Зулфия мактаби ўзининг мавжудлигини тасдиқлади. “Зулфия мактаби” термини ўтган асрнинг 70-йилларида бежизга ёки тасодифан пайдо бўлгани йўқ. Замона руҳини чуқур англаб етган шоиралар бадиий ижодда ҳам тенглар ичра тенг фаолият кўрсата олишларини исботладилар.
Зулфиянинг истеъдоди ўсиб, довруғи юксалиб борди. Шунга муносиб равишда унинг номи билан аталадиган поэтик ҳаракат ҳам юксалишда давом этди. “Зулфия мактаби” деган ибора бир муддат худди ҳавода муаллақдай турди ва ниҳоят Ҳ.Худойбердиева, О.Ҳожиева, Қ.Раҳимбоева сингари шоиралар ўз талантларини намойиш этганларидан сўнг том маънода ўз ўрнида ишлатила бошланди. Зулфия ижодига хос йўналиш мавжудлигини ҳатто демократик поэзияга кўпинча душманлик билан қаровчи мунаққидлар ҳам тан олишар, аммо баъзан Зулфиянинг ўзига алоҳида урғу берганлари ҳолда у яратган мактаб вакиллари ижодини ерга уришга уринишар эди.
Албатта, бу мактаб давомчилари шеъриятининг ўзига хослигини холис ва бетараф баҳолашдан кўра, ўктам шоира билан камтар шоиралар ижоди ўртасидаги фарқни кўриш осонроқ. Бироқ, бир пайтлар Салтиков-Шедрин айтганидек, “Фан ва адабиёт соҳаларидаги иккинчи даражали арбобларнинг аҳамияти ҳам оз эмас... Ҳар қайси мактаб ўз устасига ҳам, устачалари-ю, қора ишчиларига ҳам эга бўлади, аммо танқид, айрим сўз усталарини ўз ҳукмига лойиқ кўриб, уларнинг ортидан бораётганларни кўзга илмаса, албатта, ҳақ қарор топмайди. Мактаб фаолиятининг характерли жиҳатларини тадқиқ қилишда адабий таъсир ва тақлид масалаларини бир четга суриб қўйиш танқидий тадқиқотга зиён келтириши мумкин”5.
Хўш, ўзбек адабиётидаги Зулфия мактаби қандай мактаб ўзи? Ҳаммасидан аввал поэтик мактаб деганда бирор бир миллий адабиётда тарихан шаклланган маълум бадиий принциплар тизими тушунилади. Аммо бадиий тараққиёт тарзи шундайки, бундай мактабнинг тарихий қонуниятлари алоҳида бир индивидуал ижодкор зиёси билан ёрқинроқ кўринади. Зулфия ўзбек шеъриятининг янги босқичида аёл шоиралар йўлбошчиси бўлишдек тарихий заруриятни уддалай олди ва табиийки, унга ўз исмини берди.
Муайян бадиий принциплар системаси сифатида Зулфия мактаби бутун бошли ўзбек адабиётига у ёки бу тарзда ўз таъсирини ўтказди. Одатда, бу мактаб эсга олинганда Зулфияни яқиндан билган, меҳрига қонган, таълимини олган, ғоявий-бадиий жиҳатдан унга яқин турадиган, тўғридан-тўғри таъсирини ўзида ҳис қилган шоиралар тушунилади. Объектив сабабларга кўра, уларнинг аксарияти Зулфия ташкил қилган ёки раҳбар бўлган журналларда ишлаганликлари ҳам сир эмас, у пайтлар давр, муҳитнинг ўзи шуни талаб қилар эди. Шоиранинг ёрқин иқтидори, ёниқ ижоди бошловчи ижодкорларда нафақат тақлид қилиш истагини уйғотиши, балки ижодий индивидуалликнинг аҳамиятини тўғри тушунадиган кишини жуда мураккаб ҳолатга тушириб қўйиши, кўнглига “менинг ёзганларим бу чўнг шеърият ёнида кўримсиздай туюлмасмикан” деган иштибоҳни чақириши мумкин эди. Ёш шоиралар Зулфия таъсирини ҳамма вақт ҳам уйғун ўзлаштира олмасдан унинг мавзу ва образларини такрорлашар, бу билан даврнинг умумий поэтик маданиятига зарар етказиб қўйилган ҳолатлар ҳам учраб турарди.
Бундан ташқари, ижодий мактабларнинг пайдо бўлиши ва гуллаб-яшнаши учун зарур бўлган қатор омилларни ҳам санаб ўтиш керак. Биринчидан, “мактаб” сарҳадларининг ўзи – етарлича шартли ва оғувчан нарса, чунки “мактаб”нинг ҳар қандай шоири бошқа шоирлар, баъзан кўплаб йўналишлар таъсирида ҳам шаклланиши мумкин. Шунинг учун Зулфиянинг қачон ва қандай таъсир кўрсатганлигини, бу таъсир қачон ҳал қилувчи ва ўта муҳим аҳамият касб этганлигини осонгина илғаш душвор масала. Иккинчидан, бирор шоирнинг кўплаб шоирларга таъсири масаласини ўрганаётиб, ушбу таъсирнинг буткулқамровлик касб этганини тўла-тўкис исботлаб беришнинг имкони йўқ. Ижодий мактаб доирасида турли жиҳатлар, мисол учун, бир-бири билан уйғун тушмаган “мактаб” ичида “мактаб”лар бўлиши мумкин (Бу ўринда Ҳ.Худойбердиева билан О.Ҳожиева шеърияти бир-биридан тамомила бўлмаса-да, поэтик жаранглашда айрича хусусиятларга эгалигини эслаш кифоя).
Зулфия лирикасининг аҳамияти унинг халқоналиги билан белгиланади. Шоира халқ ҳақида оддийгина ёзмас, агар Марина Цветаеванинг сўзлари билан айтиш жоиз бўлса, “халқ бўлиб гапирарди”. Зулфия талант ва поэтик тажриба бобида ўзига яқинлашган кўплаб шогирдларидан фақатгина туғма қобилияти билан эмас, айнан халқ шоираси, халққа яқин шоира эканлиги билан ажралиб турарди. Шоиранинг таъбирича, “шоирнинг халқчиллиги – бу, балки, аввало ижод доирасининг кенглигидир, улкан қамров билангина халқ онгининг теранликларини, санъатини, миллий ўзига хослигини ифодалаш мумкин”. Тўғри, бошқалар ҳам халқнинг характерини ойдинлаштиришга, халқнинг дилидагини айтишга уринардилар. Аммо Зулфия бу хислатларни ўз-ўзича, янгидан очар ва таҳлил асносида янгича бадиийлик кашф этарди. Аксарият шоиралар бўлса, Зулфия топган усуллар билан қаноат қилишарди.
Тарихий-адабий тараққиёт мазмуни дунё, инсон ва унинг замон-макон чегарасидаги турмуши ҳақидаги янгича тасаввурларнинг эстетик ўзлаштирилиши билан белгиланади. Оламни идеал дунё ва одамларни идеал инсон даражасига етказишга уриниш бу жараённи ҳаракатлантирувчи куч ҳисобланади. Ўз моҳиятига кўра инсоншунослик саналадиган сўз санъатининг бутун ривожини айнан шундай ижодий кўрсатма билан таърифлаш мумкин. Ҳар қандай тарихий-маданий даврнинг адабий жараёни марказида ҳамиша ўша маданиятни яратувчи асосий куч – инсон категорияси ётади. Худди шу тушунча дунё картинасини шакллантиришнинг амалий ифодаси бўлиб, унинг тадрижий тараққиёти тарихий-маданий ҳаракатнинг кейинги ривожини белгилаб беради.
Шахс қадр-қимматининг асосий жиҳатларини, унинг ижтимоий-маданий тизимдаги ролини тушуниб етиш “маданият инъикосининг энг зарур шаклларидан бири ҳисобланадиган ва ўзида давр маданий тафаккурига хос муайян дунё картинасини, алоқалар тизимини мужассамлантирадиган” жанр категориясида ўз аксини топади.
Поэтик олам – бу поэтик матн билан боғланишда бўлган лисоний борлиқдир. У ҳақда сўз борганда алоҳида матн, матнлар мажмуи ёки муайян шоир барча асарларининг поэтик олами ҳақида гапириш мумкин. Поэтик олам – мураккаб тушунча; унга “олам картинаси”, яъни “объектлар, воқеалар, вазиятлар, нарса-буюмлар жамулжами”6 ва дунёни кўриш, яъни унинг тузилиши ҳақида шоир илгари сурадиган тасаввурлар – дунё ҳақидаги тафаккур ҳам киради7. Олам картинаси ҳам, дунёни кўриш ҳам шоир ижодининг турли босқичларида бир-бирига тўғри келмаслиги мумкин. Шунинг учун ҳам поэтик олам – турғун эмас, динамик тушунча: унда ўзгарувчанлик параметри муҳрланган.
Лирикада жўшқин ўй-фикрлар, ирода импульслари, таассуротлар, ақлдан ташқари туйғу-истаклар каби инсон онгининг айро ҳолатлари8 бош планга кўтарилади. Лирика – деган эди Ф.Шлегель, - доимо ўз-ўзича муайян ҳолатни, масалан, ҳайратнинг жўш уришини, ғазаб, оғриқ, қувончнинг лаҳзалик шиддатини – аслида бутун бўлмаган аллақандай бутунликни тасвирлайди. Бунда ҳисларнинг бирлиги зарур бўлади9. Лирик поэзиядаги предметга бундай қарашни замонавий фан ўзига мерос қилиб олган10.
Зулфия лирикасида туйғулар ва ирода импульслари нима биландир шартланганликда ва конкрет ҳодисаларга йўналганликда берилади. Шеърдаги нарса-ҳодисаларни эслайлик: “Кўздан, сўздан, қўллардан узоқ / Букун сенга тўлар эллик ёш. / Гўё майса эллик ёшлик нақ – / Эллик ёшдай боқади қуёш. / Қалам, қоғоз ёзув ҳам гўё / Эллик ёшли етук ва яқин. / Ҳамма реал, хаёл ва рўё, / Ҳижрон, севги, ёғин ва чақин”. Шоиранинг беором, романтик ва шу билан бирга ғам-ҳасратли ҳис-туйғулари унинг атрофдаги нарсалардан олган таассуротлари ҳамда хотирада қолган воқеалар орқали очилмоқда. Муаллиф онгнинг турмуш билан алоқаларини берадики, шеър спецификаси шуни талаб қилар эди. Шеърда ҳасрат туйғуси реал воқелик ҳодисаларига қарши реакция сифатида намоён бўлмоқда. Бадиий сўз муҳрлаётган қалб ҳаракатлари қанчалик ноаниқ ва сезилмас бўлмасин, китобхон уларнинг нималар орқали чақирилганини англайди ёки, ҳеч бўлмаганда, қайси таассуротлар билан алоқадорлигини фаҳмлайди.
Лирик кечинма сўзловчига (нутқ соҳибига) тегишлидек туюлади. У фақат сўзлар орқали белгиланиб қолмасдан (бу хусусий ҳол), максимал даражада намоён ҳам бўлади. Фақат лирикадагина бадиий воситалар тизими бутунича инсон қалб ҳаракатини очишга бўйсунади. Ҳиссий кечинма кўпинча мубҳамлик, ноаниқлик, чалкашлик устун келадиган бевосита ҳаётий эмоциялардан сезиларли фарқ қилади. Лирик туйғу – бу инсон руҳий тажрибасининг квинтэссенцияси, ўзига хос қуйқасидир. Адабиётнинг энг субъектив тури сифатида - дея ёзган эди лирика ҳақида Л.Гинзбург, - у кўпроқ муштаракликка, қалб ҳаётини худди барчага баравар тааллуқлидек тасвирлашга интилади11.
Лирик асар асосида ётадиган кечинма – бу ўзига хос руҳий тозаришдир. У инсон томонидан реал ҳаётда синалган (ёки синалиши мумкин бўлган) нарсани ижодий уюштириш ва бадиий жиҳатдан қайта ўзлаштириш натижаси ҳисобланади.
Маълумки, лирикада ифодаланган кечинма эгасини лирик қаҳрамон деб аташ қоида тусини олган. Ю.Н. Тинянов томонидан муомалага киритилган бу термин адабиётшуносликда (унга синоним бўлган “лирик мен”, “лирик субъект” бирикмалари билан бирга) муқим жой олган12. “Яратилган мен” (М.Пришвин) сифатидаги лирик қаҳрамон ҳақида нафақат алоҳида шеърларни кўзда тутиб, балки уларнинг туркумлари ҳамда бирор шоирнинг бутун бир ижоди ҳақида ҳам гапирилади.
Лирик қаҳрамон нафақат муаллиф, унинг дунёга муносабати, маънавий-руҳий тажрибаси, қалб иродаси, нутқий ўзини тутиш манераси билан оддийгина мустаҳкам алоқадор, балки аслида (аксарият ҳолларда) ундан ажралмасдир. Лирика асосан унинг “бағри”дагина автопсихологик бўла олади.
Шундай бўлишига қарамай, лирик кечинма шоирнинг биографик шахс сифатида бошдан кечирганлари билан бир нарса эмас. Лирика фақатгина муаллиф ҳис-туйғуларини худди ўзидай қайта тиклаб қолмайди, балки уларни трансформациялайди, бойитади, янгидан яратади, юксакликка кўтаради ва кўркамлаштиради. Бундан ташқари муаллиф ижод жараёнида тасаввур кучи билан шундай руҳий вазиятларни яратадики, реал ҳаётда улар умуман учрамаслиги ҳам мумкин. Зулфияхоним шеърларини кўздан кечирар эканмиз, улардаги барча мавзу ва мотивлар ҳам шоира шахсий ҳаётидаги воқеалар билан мос келавермаслигига амин бўламиз. Бу ҳақда гап кетганда, рус шоири А.Блокнинг ўз шеърларидан бирининг қўлёзмаси остига “Бунақа нарса умуман бўлмаган” деб ёзиб қўйганлигини эслаш ўринли. Унинг шеърларида шоира шахси гоҳ қишлоқ қизи, гоҳо ёрининг урушдан қайтишини кутаётган аёл, гоҳида болакай, гоҳо сирли ижод маъбуди образларида намоён бўлади.
Демак, лирик ифодаланган кечинмалар ҳам муаллифнинг ўзига, ҳам бошқа, унга ўхшамаган шахсларга тегишли бўлиши мумкин экан. А.А. Фетнинг сўзларига кўра, “Бегона лаҳзаларни ўзиникидай ҳис эта олиш” маҳорати поэтик истеъдоднинг муҳим қирраларидан бири саналади. Одатда, муаллифдан сезиларли даражада фарқ қиладиган шахсларнинг кечинмалари ифодаланган лирикани ижровий лирика (Д.Қуронов) деб аташади. Шундай экан, Арастунинг лирика ҳақидаги таърифига (шоир “ўз шахсини ўзгартирмаган ҳолда, ўз-ўзи бўлиб қолаверади”) қуйидагича аниқлик киритишга тўғри келади: лирик шоир бемалол ўз шахсини ўзгартириши ва кимгадир тегишли, бегона кечинмани қайта тиклаши ҳам мумкин.
Юқоридагиларни умумлаштириб шуни айтиш мумкинки, Зулфия руҳий ҳолатларни инсон зоҳиридаги ўзгаришлар, ҳодиса юз бераётган вазият, атрофдаги предметларни қайд этиш орқали билвосита беришга интилади. Бироқ шоиранинг поэтик янгилиги фақат туйғуларни ифодалашда сўзлардан предметларни гавдалантириш учун фойдаланганида эмас, балки инсон ҳаётининг икки – ташқи, объектив ва ички, субъектив соҳаларини бирлаштириб тасвирлай олганида, тасвирлаганда ҳам биринчисини иккинчисининг ифодасига хизмат қилдира олганлигида кўринади. Бу шоира ижодида янгича тафаккур ўсиб келаётганидан дарак берар эди.
Адабиётлар:
Арутюнова Н.Д. Язык и мир человека. – М.: Языки русской культуры, 1999.
Огурцов А. П. Феноменология // Философский энциклопедический словарь. – М.: 1983. – С. 718.
Зулфия. Асарлар. Камалак. 3-жилд. – Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1986.
Тынянов Ю.Н. Поэтика. История литературы. Кино. – С. 118. Лирик қаҳрамон ҳақида яна қаранг: Степанов H.Л. Лирика Пушкина. – М., 1959.
Шлегель Ф. Эстетика. Философия. Критика: В 2 т. Т. 2.
Падучева Е.В. Референциальные аспекты семантики предложения. // Известия, 1984. № 4.
Салтыков-Щедрин М. Е. Собр. соч. в 20-ти т., т. 9. – М.: 1970.
Свасьян К. А. Феноменологическое познание. Пропедевтика и критика. – Ереван: 1987. – С. 37.
1 Огурцов А. П. Феноменология // Философский энциклопедический словарь. – М.: 1983. – С. 718.
2Свасьян К. А. Феноменологическое познание. Пропедевтика и критика. – Ереван: 1987. – С. 37.
3 Зулфия. Асарлар. Уч жилдлик. 2-жилд. Мушоира.– Тошкент: Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1985. – Б. 37.
4 Зулфия. Асарлар. Камалак. 3-жилд. – Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1986. – Б. 140.
5 Салтыков-Щедрин М. Е. Собр. соч. в 20-ти т., т. 9. – М.: 1970.– С. 343-344.
6 Падучева Е.В. Референциальные аспекты семантики предложения. // Известия, 1984. № 4.
7 Арутюнова Н.Д. Язык и мир человека. – М.: Языки русской культуры, 1999. – С. 112.
8Немис олими Ю.Петерсен лирика табиатини шу термин (Zustand – ҳолат) мурожаат қилиб, тушунтириб берган эди; эпос ва драма соҳасини эса, унинг фикрича, ҳаракат (Handlung) ташкил этади. Қаранг: Petersen I. Die Wissenschaft von der Dichtung. Bd 1. Weik und Dichter. – Berlin, 1939. – S. 119-126.
9Шлегель Ф. Эстетика. Философия. Критика: В 2 т. Т. 2. – С. 62.
10Лирикада “кечинма образи” ҳақида қаранг.: Сквозников В.Д. Лирика//Теория литературы. Основные проблемы в историческом освещении. Роды и жанры литературы. – М.: 1964. С. 175-179.
11Гинзбург Л. Я. О лирике. – С. 7.
12 Тынянов Ю.Н. Поэтика. История литературы. Кино. – С. 118. Лирик қаҳрамон ҳақида яна қаранг: Степанов H.Л. Лирика Пушкина. – М., 1959. – С. 106-110.