ЗУЛФИЯНИНГ ТАРЖИМОНЛИК МАҲОРАТИ

Таржима икки миллат ришталарини боғлаш, адабий жараёнлардан кенг жамоатчиликни хабардор қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Истеъдодли ижодкор Зулфия нафақат бетакрор поезияси, балки таржималари билан ўзбек адабиёти ривожига ҳисси қўшди. Шоира А.С.Пушкин, М.Ю.Лермонтов. Н.А.Некрасов, М. Воқиф, Л. Украинка, М.Дилбозий, С. Капутикян, Э. Огнесвет, Мустай Карим, Амрита Притам, Е. Багряналарнинг асарларини ўзбек тилига мохирлик билан таржима қилган. Зулфия шеърлари эса рус, инглиз, немис, ҳинд, болгар, хитой, араб, форс ва бошқа тилларга таржима қилинган.

Таржимоннинг маҳорати шундаки, у нафақат сўз бойлиги, балки таржима қилинаётган асар руҳияти, ундаги воқеа ҳодисаларни айнан аслияти сингари бадиий тасвирий воситалар, қаҳрамонлар ҳарактеридан келиб чиқиб ифодалашда кўринади.

Зулфия Н.А.Некрасовнинг “Рус аёллари” достонини, Мустай Каримнинг “Ой тутилган тунда” асарини, А.С.Пушкиннинг “Мен сизга ачинмайман...”, “Йўқ, йўқ муҳаббат-нинг...”, “Уйладимки”, Демьян Беднийнинг “Зийнатнинг қасами” поэмасини, Александр Гинзбургнинг “Там-там садолари” драматик достонини, Габриэла Мистралнинг “Оналар айтган достонлар”ни, Леся Украинканинг “Марварид ёшлар”, “Куйлар”, Соломея Нериснинг “Менинг ўлкам”, “Салом”, Марина Цветаеванинг “Мен шоирманми ҳали...”, “Севги”, “Кеча термулардинг...” каби шеърла-рини, шунингдек, Михаил Лермонтов, Анна Аҳматова, Елизавета Багряна, Десанка Максимович, Маргарита  Алигер, Мирзо Турсунзода, Сулаймон Рустам, Людмила Татьяничева, Қайсин Қулиев ва бошқа шоирларнинг шеър ва поэмаларини таржима килиб, ўзбек китобхонларига такдим этган.

Шоира Зулфия  Мустай Каримнинг “Ой тутилган тунда” асарининг таржимаси ҳақида шундай деган эди;

“Мен... оригинални ғам унутиб, худди ўз ижодим устида ишлагандай ҳаяжонландим”. Натижада Мустай Каримнинг “Ой тутилган тунда”си Зулфиянинг шоирона қалб оташидан ҳарорат топганлиги сабабли ажойиб таржима асар бўлиб чиқди.

Демак, таржимонда етук филолог олим бўлишидан ташқари, ёзувчи-санъаткорлик қобилияти, муайян халқнинг салоҳияти ва руҳиятини, тилини чуқур биладиган закийлик хислати бўлиши лозим. Ҳар томонлама билимдонлик ва ижодкорлик доимо қўл келади.

Зулфия таржимонлик маҳоратида эмоционаллик, сербўёқлик, таржима қилинаётган асарни ўзига хос бадиийлик ва истеъдод билан ўз асарига айлантира олиш санъати муҳим омиллардан биридир.

Ана шу омилларни ўзида бирлаштирган Некрасовнинг “Рус аёллари” поэмаси шоира томонидан ўзгача маҳорат билан таржима қилинди.

“Рус аёллари”нинг биринчи поэмасидаги асосий образ Экатерина Ивановна Трубецкая бўлиб, у-ўз эрига вафодор, ёру биродардларига меҳрибон аёл. У Сибирга кетаётиб шундай дейди:

 

Прости и ты мой край родпой

Прости, несчастный край!

И ты… о город роковой,

Гнездо царей… прошай!

Счастливо молодость моя

Прошла в стенах твоих,

Твои балы любила я,

Катанъя с гор крутых,

Люблила плеск Невы твоей

В вечерней тишине,

И эту плошадъ перед ней

С героем на конс…

 

Таржимасида

 

Сен ҳам хўш қол, севимли ўлка

Алвидо, эй бебахт Ватаним!

Подшоларга шум уя бўлган

Сен ҳам хўш қол, машъум шаҳарим!...

Қучоғингда кечди бахтиёр

Хаётимнинг ёшлик чоғлари.

Базмларинш севдим беғубор,

Сайргоҳим эди тоғларинг.

Жондан севдим оқшом онлари,

Мовий Неванг хушовозини.

Зилол қирғоқ, куркам майдони

Ва кахрамон Чавандози. . .

 

“Таржимага ва оригиналга қулоқ солинг. Бир ҳил оҳанг, бир ҳил шира. Қаҳрамоннинг ўз ёрини Сибирга кетаётган пайтдаги руҳининг бир хил паришонлиги, бир хил изтироблари”. Ватан ҳақидаги ажиб хотиралар...[Умурова 2004: 65]. Шоиранинг Пушкин асарларидан қилган тажрималарида ҳам давр руҳини англаш, қаҳрамонлар ҳарактерини тасвирлашдаги моҳирона ташбеҳлар, кишини ҳайратга солувчи тасвирларга дуч келасиз: Пушкин асарларига эътиборимизни қаратсак:

 

Қайда, қайда қолдингиз, ёшликдаги орзулар

Ва қалбнинг соқитлиги эркалатган кезлари!

Қани аввалги оташ, илҳом бахш этган завқлар

Келинг, келинг, муштоқман, баҳоримнинг йиллари

[Зулфия 1985:271].

 

“Садоқатли грек қизи” шеърида ҳам қаҳрамонга унинг ёри жангларда шон билан вафот этган баҳодир эканлигини сўзлаб таскин беради:

 

Садоқатли грек қизи, йиғлама ёринг

Душман ўқи кўксини тешиб шон билан ўлган.

Сен эмасми, кузатаркан ўз баҳодиринг,

Қонли шуҳрат жангларига йўлланма берган?

[Зулфия.1985:272].

 

Умрнинг оқар дарё каби шошқинлиги, ўтишга шошувчи барча ҳодисотлар ўтгандан сўнг инсон учун тотли дамларга айланишини шоира оддий сўзлар орқали моҳирона ифодалаган.

 

Қалб келажак ишқи-ла яшар;

Бу кунимиз қайғу ва доғли:

Бари оний, ўтишга шошар,

Ўтган эса, ҳамиша тотли

 [Зулфия.1985:275].

 

“Шоир сифатида албатта, ҳамма рус шоирларидан юқори турган” (Н.Г.Чернишевский) Н.А.Некрасов асарларининг руҳини ва ширасини сақлаган ҳолда ўзбек тилида бериш машаққатли ва мушкулдир. Ҳудди ана шундай қудрат эгаларидан, “шеъриятда Некрасовга бениҳоя қаттиқ ихлос боғлаган” таржимонлардан бири шоира Зулфиядир. Зулфия ўзбек адабиётида даставвал ўзбек хотин-қизларининг моҳиятини куйловчи ва тонгни, нурни эзгуликни қуйма поэтик мисраларда тарғиб қилувчи шоира сифатида машхурдир. Шунинг учун ҳам у Н.А.Некрасовнинг ўлмас поэтик оламига мурожаат этар экан, қалбига ҳамоҳанг ва яқин асарни- “Рус аёллари” поэмасини таржима қилди [Умуров Х:1996:19].

Ўйдан ақл гангиган, хаста

Уйқу бермас хаёллар, бироқ

Дилда хасрат, ўй ҳар нафасда

Алмашинар чақмоқдан тезроқ.

Княгиня гоҳ ёру дўсти,

Гоҳ турмани кўрар дафъатан.

Худо билар недур боиси

Ёйлаб кетди шу ҳолин бирдан.

Уйлади у:юлдузли осмон

Қум сепилган саҳифа фақат

Ой-чи- қизиқ сургич босилган,

Юм-юмалоқ мухрдир албат.

Некрасовда:

Кипит больной: усталный ум

Бессонный до утра,

Тоскует сердце, смена дум

Мучительно быстра,

Княгиня видит то друзей,

То мрачную тюрму.

И тут же думается ей-

Бог знает почему.

Что небо звездное- песком

Попыпанный листок

А месяц – красным сургучом.

 

Тўғри, Некрасовдан келтирилган юқоридаги парчани сатрма-сатр таржима қилсангиз, Зулфия таржимасидаги баъзи сўзлар (жумладан, “чақмоқ”, “дафъатан”, “юм-юмалоқ мухрдир” каби) учрамайди. Лекин бундай шоира ,” Некрасов мисраларини ўзгартириб таржитма қилибди” деган хулоса чиқармаслиги керак. Некрасов мисрасининг моҳиятига диққат қилсангиз, уларнинг тубидаги маъно Зулфия таржимасидаги маъно билан муштараклигини кўрасиз [Умуров Х:1996:21].

Зулфия устоз-шогирд анъаналари давомчиларидан Ойдин Ҳожиева унинг таржимонлик маҳорати ҳақида шундай дейди:

“Зулфия қардошларнинг адабиёт байрамларида албатта янги таржималарини мухлисларига совға этарди. Эсимда бор, устоз Тошкентда ўтказилган Тожикистон адабиёти ва санъати кунларида Мирзо Турсунзоданинг “Ватан” шеърини ўз таржимасида ўқиб мухлисларнинг олқишига сазовор бўлган эдилар. Шоира арузда деярли ёзмасди, лекин у Сулаймон Рустамнинг, Мирзо муаллимнинг аруздаги шеърларини маҳорат билан она тилимизга ўгирган. Шоиралар ижодидан қилинган таржималарда майинлик, нафосат, аёл қалбининг титроқлари сезилиб турса, Нозим Ҳикмат, Қайсин Қулиев ва Мустай Карим асарларида донолик ва ҳикмат, шарқона фалсафа ҳоким” [Ҳожиева О, 2014:3 сон]. 

Йиллар ўтсада, шоиранинг бой адабий мероси, гўзал шеърлари жаҳон минбарлари узра янграмоқда. Шунингдек, шоиранинг таржима асарлари ҳам айнан таржима санъатини ўрганаётган, унинг сир асрорларини билишга ошиққанлар учун ижодий мактаб вазифасини ўтайди.

 

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

 

Бадиий адабиётлар:

  1.  Зулфия. Мушоира. Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти. 1985.-271 б.
  2. Умуров Х. Азмиддин Носир. Шеърият маликаси. Самарқанд, Зарафшон нашриёти. 1996. 19-б.

Диссертациялар:

  1. Умурова Г. Зулфия ижоди ва рус адабиёти: дисс Филол. фан. Номз...дисс...автореферат. Самарқанд, 2004.

 

Журналдан мақолалар:

  1. Ҳожиева О. Санъаткор таржимон. Жаҳон адабиёти, 2014 йил, 3-сон.

 

 

Юсупова М. Переводческие навыки Зульфии. В статье рассматривается роль переводоведения в узбекской литературе. Также рассматривается переводческое мастерство поэтессы Зульфии. Специфика её переводов анализируется с учётом мнений современников и анализа её произведений.

 

Yusupova M. Zulfiya's translation skills. The article discusses the role of translation studies in Uzbek literature. The poetess Zulfiya's translation skills are also reviewed. The specific aspects of Zulfiya's translations are analyzed using the opinions of her contemporaries and analysis of her works.        

 

 

 

 

 

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati